Си Цзиньпин Афғонистон масаласида ШҲТ давлатларига чақириқ билан чиқди

Олам 10085
image

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари Афғонистоннинг янги ҳукуматини мўътадил ички ва ташқи сиёсат олиб борадиган инклюзив ҳукумат тузишга ундаши керак. Бу ҳақда Хитой раиси Си Цзиньпин маълум қилди. 

Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, хорижий Қуролли Кучлар чиқарилиши билан Афғонистондаги вазият кескин ўзгарган. Унга кўра, бугунги кунда Афғонистон олдида бир қатор мураккаб вазифалар турибди, уларнинг ечими жаҳон ҳамжамияти, биринчи навбатда, минтақа давлатларининг қўллаб-қувватлаши ва ёрдамини талаб қилади. 

“ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, “ШҲТ-Афғонистон” алоқа гуруҳи каби майдонлар салоҳиятини очиш, Афғонистондаги вазиятнинг силлиқ ўзгаришига кўмаклашиш керак. Афғонистоннинг янги ҳукуматини мўътадил ички ва ташқи сиёсат олиб борадиган кенг қамровли сиёсий тузилмани шакллантиришга ундаш жуда муҳим”, деган Си Цзиньпин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилишида. 

ХХР раҳбари ШҲТ мамлакатлари ҳар қандай кўринишда терроризмга қарши муросасиз кураш олиб бориши кераклигини таъкидлаган. 

Маълумот ўрнида, бугун, 17 сентябрь куни Тожикистон пойтахтида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг йиғилиши ўтказиляпти. Кун тартибида бир нечта масалалар бор. Давлат раҳбарлари 20 йиллик юбилейини нишонлаётган ШҲТ фаолиятини ҳам, халқаро майдондаги воқеаларни ҳам муҳокама қилади. Энг долзарб муаммолар орасида COVID-19 пандемияси ва Афғонистон инқирози бор. Йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этмоқда.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 252
Рейтинг: 3
t
×