Швейцарияда ёшлар исён кўтарди
Олам
−
02 Июль 2023
17319Швейцариянинг Лозанна шаҳрида юздан ортиқ ёшлар исён кўтариб, бир қанча дўконларнинг ойналарини синдирди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Кеча, 1 июль куни мамлакат вақти билан соат 20:00 да Лозанна марказида юздан ортиқ ёшлар йиғилган. Бунга қўшни Франциядаги тартибсизликлар сабаб бўлган.
“Марказда, хусусан, Флон тумани ва де Женев кўчасида бир нечта дўкон ойналари синди, дўконда бир йигит қўлга олинди. Полиция ходимлари бир неча бор ёшларни тарқатиб юборган, аммо ёшлар уларга тош улоқтиришди”, дейилади хабарда.
Умумий тартибсизликларни бостиришга 50 га яқин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жалб қилинган. Уларнинг ҳеч бири жабрланмаган.
Полиция бўлимига етти киши, жумладан 24 ёшли Швейцария фуқароси ва олти нафар вояга етмаганлар – Португалия, Сомали ва Босния ва Герцеговина фуқаролигига эга бўлган уч нафар қиз ҳамда Швейцария, Грузия ва Сербия фуқаролари бўлган уч нафар йигит олиб кетилган.
Эслатиб ўтамиз, Франциядаги тартибсизликлар ортидан худди шундай Бельгияда ҳам намойишлар бўлганди.
Франциядаги вазият
Жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Наэль исмли 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бироқ Наэль полицияга бўйсунмаган. Полициячи эса унга қарата ўқ узган. Ҳайдовчи кўкрагига ўқ тегиб вафот этган.
Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланган. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилишда зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланган.
Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.
Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Макрон Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган.
Бундан ташқари Франция Президенти тартибсизликларга компютер ўйинлари сабаб бўлганини айтганди.
LiveБарчаси