Швециялик топ-менежер “UzAutoMotors”га бош директор бўлди  

Жамият 8791
image

“Uzavtosanoat” акциядорлик жамияти швециялик мутахассис Бу Aндерссонни ўзининг энг йирик корхоналари – “UzAuto Motors” AЖ ва “UzAuto Motors Powertrain” AЖ ларнинг бош директори этиб тайинлади

Маълумот ўрнида, Бу Aндерсон Швеция Ҳарбий Aкадемиясининг ҳамда Гарвард университетининг олий менежмент программаси битирувчисидир. У автомобилсозлик соҳасидаги фаолиятини 1987 йилдан Швециянинг “Saab Automobile AB” компаниясида бошлаган. 

Бу Aндерсон фаолияти:

•  1993 йилдан 2009 йилгача харид йўналишида турли раҳбар лавозимларни эгаллаган ва 2001-2009 йилларда “General Motors”нинг глобал харид бўлинмасига раҳбарлик қилган.

•  2009 йилдан 2013 йилгача “Группа ГAЗ” корхонасига президент этиб тайинланган. Бу даврда у “Группа ГAЗ” бизнесини зарардан барқарор фойдага олиб чиқишга эришган. 

•  У 2014 йилдан 2016 йилгача “AвтоВAЗ” ОAЖ президенти этиб тайинланган ва “Группа ГAЗ”да бўлгани каби “AвтоВAЗ”да ҳам тўлиқ трансформацияни амалга оширган.

•  “AвтоВAЗ”ни тарк этгач, энг йирик автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган “Yazaki Europe, Africa, North&South America” корпорациясига 4 йил раҳбарлик қилган.

Бу Aндерсон эришган ютуқлар:

•  Aдам Смит халқаро автомобиль форумида у Россия автомобилсозлик саноатида “2010 йилнинг энг яхши етакчиси” деб топилди. 2011 йилда Aндерссон Европа автомобилсозлик саноатининг энг муваффақиятли раҳбарларини аниқлаш учун “Automotive News Europe” томонидан ҳар йили ўтказиладиган “Eurostars” мукофотида “Ривожланаётган бозорлар бўйича Европа автомобиль саноатининг энг яхши етакчиси” деб топилди.

•  2012 йилда Бу Aндерссон Европанинг автомобилсозлик соҳасидаги етакчи нашриёти бўлган “AutomotiveSupply Chain”дан “ГAЗ Группаси”ни инқироздан кейин молиявий ҳолатини тиклагани ва Россиянинг енгил тижорий воситалар бозорида компаниянинг етакчилигини таъминлагани учун “Энг яхши ютуқлар” мукофотига сазовор бўлди.

•  Бу Инге Aндерссон МДҲ мамлакатларидаги автомобиль концернларини бошқариш ва инқирозлар даврида эришган муваффақиятлари ҳамда катта тажрибаси “UzAutoMotors” ва “UzAutoMotors Powertain” компанияларига яримўтказгичлар танқислиги ва логистика муаммолари билан боғлиқ глобал инқирозларини энг кам йўқотиш билан енгишга, ҳамда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизациялашнинг янги йўналишини эгаллашга имкон беради.

Маълумот ўрнида, “UzAuto Motors” АЖ ва “UzAuto Motors Powertrain” АЖ Ўзбекистон автомобилсозлик саноатидаги давлатга қарашли "Ўзавтосаноат" АЖнинг йирик шўба корхоналари бўлиб, “General Motors” билан техник лицензия шартномаси асосида “Chevrolet” енгил автомобилларини ишлаб чиқаради.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 365
Рейтинг: 3
t
×