Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришига янада оз қолди
Олам
−
15 Июль 2022
4201НАТОга аъзо давлатларнинг ярми аллақачон Швециянинг альянсга қўшилиш ҳақидаги аризасини маъқуллаган. Бу ҳақда Швеция Ташқи ишлар вазири Анн Линде маълум қилди.
"Бугунгача НАТО аъзоларининг ярми Швеция ва Финляндия аризасини ратификация қилди. Ратификация учун барча 15 давлатга раҳмат", деб ёзди у Twitter саҳифасида.
Протокол имзоланган куннинг эртасига биринчи бўлиб Дания ва Канада ратификация қилди. 14 июль куни икки давлат – Словения ва Латвия ҳужжат остида ўз имзоларини қўйишди. Бугун эса уни Хорватия парламенти тасдиқлади.
Финляндия ва Швеция Ташқи ишлар вазирлари Пекка Ҳаависто ва Анн Линде ҳамда НАТОнинг 30 та давлати вакиллари 5 июль куни НАТО қароргоҳида расмий маросимда Шимолий Атлантика иттифоқига икки шимолий давлатнинг қўшилиши ҳақидаги протоколларни имзоладилар. Ҳужжатлар НАТОнинг барча давлатлари томонидан ратификация қилинганидан сўнг Хельсинки ва Стокгольм ташкилотга аъзо бўлади. Хельсинки ва Стокгольм 18 май куни НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия халқ мудофааси кучларини террорчи ташкилот деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишда иштирокда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни, шунингдек, Туркияга қурол-яроғ тақиқини олиб ташлашни талаб қилди.
28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилган, бироқ у Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берганини ҳам айтган. НАТО саммитидан сўнг Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли АҚШдан яқин келажакда мамлакатга модернизация қилинган 40 та F-16 қирувчи самолёти партиясини етказиб бериш бўйича қарор қабул қилинишини кутаётганини айтди.
4 июль куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш бўйича музокараларни бир раундда бошлади ва якунлади, бу альянс тарихида мутлақ рекорд. Одатда музокаралар жараёни бир неча йил давом этади.