Швеция ва Финляндия ҳали ваъдасини бажаргани йўқ – Расмий Анқара

Олам

image

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Туркия, Швеция ва Финляндия вакилларининг Шимолий Атлантика альянси иттифоқига аъзолик масаласи бўйича Мадриддаги НАТО саммитидан сўнг биринчи йиғилиши 26 август куни ўтказилиши режалаштирилганини айтди. 

"Ҳозирча биз Швеция ва Финляндия томонидан меморандумда мустаҳкамланган ва уларнинг НАТОга аъзо бўлишлари бўйича оғзаки равишда берилган мажбуриятларни бажараётганини кўрмаяпмиз. Бироқ, биз музокараларга тайёрмиз. Швеция ва Финляндия вакиллари билан биринчи бундай учрашув 26 августга режалаштирилган”, дейди Чавушўғли Анқарадаги матбуот анжуманида. 

Туркия ҳукумати аввалроқ НАТОнинг июнь ойида бўлиб ўтган саммити доирасида Швеция ва Финляндия билан имзоланган меморандум якуний эмаслигини ва агар Стокгольм ва Хельсинки террорчилик ташкилотларига қарши курашиш бўйича кўрсатилган мажбуриятларни бажармаса, Туркия парламенти уни маъқулламаслиги мумкинлигини таъкидлаган эди. 

Эслатиб ўтамиз, 9 август куни АҚШ Президенти Жо Байден Вашингтоннинг Финляндия ва Швецияни НАТОга қабул қилишини тасдиқловчи ҳужжатларни имзолади.

Швеция ва Финляндия масаласи

18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди. 

Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.

30 июнь куни НАТО саммитидан кейин матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўған, Швеция ва Финляндия учун қувонишга ҳали эрталигини, улар шартни бажарсагина, Туркия парламенти Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига оид ҳужжатни ратификация қилишини айтди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг