Швеция ва Финляндия делегациялари Туркияни рози қилиш учун Анқарага боради
Олам
−
24 Май 2022
3238Эртага, 25 май куни Швеция Бош вазири девонининг Давлат котиби Оскар Стенстрём ва Финляндия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Жукка Саловаара бошчилигидаги делегация НАТОга кириш масаласини муҳокама қилиш учун Анқарага боради. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Қайд этилишича, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг вакили Иброҳим Калин ва Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Седат Ўнал икки Скандинавия давлати делегациялари билан учрашади.
Президент маъмурияти ва Туркия Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтадиган йиғилишларда Скандинавия давлатларининг НАТОга аъзо бўлиш тўғрисидаги аризалари ҳам муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғли, расмий Анқара Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига розилик билдириши учун ушбу мамлакатлардан “террорчиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш” бўйича ёзма кафолат олиш зарурлигини маълум қилган эди.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.
18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.
LiveБарчаси