Шу ишларнинг ичида эдим – Абдулазиз Мансур “сарой уламолари” ҳақида гапирди

Интервью

image
Қўлимизда ҳужжат бор! Қодированинг ўлими ортидаги сирлар очиляпти north_east

Қўлимизда ҳужжат бор! Қодированинг ўлими ортидаги сирлар очиляпти

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур “Ҳуррият” газетасига берган интервьюсига собиқ иттифоқ, жумладан уруш йилларида Ўзбекистонда ҳукм сурган вазият, диний тақиқлар, намоз ўқишга бўлган чекловларни эслади. У халқ орасидаги “сарой уламолари” ҳақидаги гапларга ҳам тўхталиб, ўша “сарой уламолари”нинг саъй-ҳаракати билан диний соҳада ўзгаришлар қилинганини айтади. 

Абдулазиз Мансур 1943 йилгача Ўзбекистонда очиқ ҳолда на масжид ва на мадраса фаолият юритмаганини қуйидагича эслайди. 

“Хабарингиз бор, ўша йили Германия фашизмига қарши урушаётган давлатларнинг Теҳрон конференцияси бўлиб ўтди. Натижада “Теҳрон баённомаси” эълон қилиниб, унда фашизмни узил-кесил йўқотиш, урушдан кейинги Оврупонинг тақдири, Совет иттифоқининг Японияга уруш эълон қилиши каби масалаларда ўзаро келишув бўлгани тарихий ҳужжатларда айтилади. Шунингдек, мана шу конференцияда Совет иттифоқи виждон эркинлигини тақиқлаган даҳрий давлат сифатида танқид қилинади. Албатта, Сталиннинг динларга йўл бериши битта танқид туфайли юз бермаган бўлиши мумкин. Бунга бошқа сабаблар, масалан, Амир Темурнинг қабрини очиш мумкин бўлмаган бир пайтда 1941 йил 22 июнда очилгани ва шу куни уруш бошлангани каби воқеалар ҳақида мустабидга етказилгани ҳам туртки бўлса, эҳтимол. Сталин Теҳрон конференциясидан сўнг ҳамма динларга, жумладан, Ислом динига ҳам катта эмас, кичкина дарча очишга мажбур бўлади. Бутун Совет иттифоқи бўйича тўртта – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари учун Тошкентда, татар мусулмонлари учун Уфа шаҳрида, шиа ва сунний мусулмонлар учун Бокуда, шунингдек, кавказлик мусулмонларга Маҳачқалъада мусулмонлар диний идораси ташкил этилди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасига Эшон Бобохон ҳазратлари муфтий этиб тайинланганлар. Ўша йили бутун республикада ҳаммаси бўлиб 84 та масжид очишга рухсат бўлди. Элимиз то 1991 йилда юртимиз мустақилликка эришгунича ўша қирқ учинчи йилда ташкил бўлган бор-йўғи саксон тўртта масжидда намоз ўқиб келди. Мен 1975 йилдан шу идора қошидаги мадрасада ўқиб, шу ерда ишлаганман. Қаерда масжид очилган, ҳаммасининг рўйхатини биламан. Бу рўйхатга битта масжид қўшиб ҳам бўлмасди, олиб ҳам. Москвадан берухсат, ҳатто, битта масжидни ҳам таъмирлай олмасдик. Барча юмушлар СССР Министрлар Совети қошидаги диний ишлар бўйича Кенгаш назоратида турарди. Бугунгидек эсимда, Жиззахдаги масжидни таъмирлаш пайтида деворини бир метрга ўстиришганди. Бундан хабар топган ўша Кенгаш мазкур масжидни ёптириб ташлаб, табиат музейига айлантириб юборди. Бориб кўриб, ичкаридан йиғлаб чиқдим. Худонинг уйида ёввойи ҳайвонларнинг терисини шилиб, ичига сомон тиқиб, қотириб қўйишибди. Ана шундай қотирилган бир чўчқани меҳробга тикка қилиб ўрнатишибди, тиржайиб турибди. Буларни кўрган қайси мусулмон йиғламайди... Қани энди ўша пайтда Москванинг бу сиёсатига қарши чиқиб кўрсин-чи, биров! Атроф жим-жит. Ўлик сукунат... Ҳамма нарса: тўфон ҳам, ҳайқириқ ҳам ичингизда. Ичингизга ютасиз. Бир оғиз бўлсин эътироз билдиролмайсиз... Ана шундай даврларни бошдан ўтказдик.

1943 йил октябрь ойида бўлиб ўтган мусулмонларнинг биринчи қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг Диний идораси бошқармаси ташкил этилиб, Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон мазкур ташкилотнинг масъул котиби ва айни пайтда Ўзбекистон қозиси лавозимига бир овоздан сайланади. Республика қозияти Диний идоранинг анчайин фаол тизими ҳисобланган. У олиб борган ишлар Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг бошқа республикаларида диний уюшмаларнинг оёққа туришида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистон қозияти Совет шарқи мусулмонларининг диний тарқоқлигига барҳам беришда жуда катта шижоат кўрсатди. Совет ҳукумати динларга, хусусан, Ислом динининг ривожланиши, мусулмонларнинг ўз диний арконларини бажариш ишларига қанчалик қаршилик кўрсатмасин, диний идора раҳбарияти берилган озгина имкониятдан жуда унумли фойдаланди. Ҳатто, маърузаларда қайси оятлардан фойдаланиш кераклиги ҳам белгилаб қўйилар эди.

Зиёвуддинхон қори ҳазратнинг ташаббуслари билан бир журнал ташкил этилди. Ўша журнал номига ҳам “совет” сўзини қўшишга мажбурландик. Мен бу журналда масъул муҳаррир сифатида саккиз йил ишладим. Шундай эдики, мақолалар дастлаб рус тилида тайёрланиб, Москвага, ҳукуматнинг юқорида айтганим Кенгашига юборилар, у ерда таҳрир қилиниб қайтгач, ўзбек ва бошқа тилларга, араб, форс, инглиз ва француз тилларига таржима этилар эди. Ўзбек тилидагиси эски ўзбек имлосида босиларди. Кирилда ёзилса гўё халқ бутунлай имонга кириб кетадигандек... Мана шундай бир шароитда Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари гоҳ расмий, гоҳ норасмий йўл билан бўлса-да, Москва билан музокаралар, баҳслар олиб бориши натижасида Ислом динини ривожлантиришга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшди. Ўзининг беқиёс даражадаги илмий салоҳияти билан кишиларнинг имонини мустаҳкамладигина эмас, балки баланд кўтарди”.

Халқ орасида “сарой қўшиқчилари”, “сарой уламолари” деган гаплар бор. Бунда Ҳукуматга, юқори лавозимларда фаолият юритаётган амалдорларга яқин бўлган соҳа вакиллари назарда тутилади. Абдулазиз Мансур сўзида давом этар экан, одамлар билиб-билмай айбдор қилган ва “сарой уламолари” тамғасини қўйган олимлар аслида дин йўлида кўп хизматларни қилган. 

“Шундай қилиб 1971 йилгача бутун СССР мусулмонлари учун битта – Бухородаги Мир араб мадрасаси фаолият юритган, холос. Унда бор-йўғи 60 нафар талаба ўқиган. Ўша йили Зиёвуддинхон қори ҳазратнинг елиб-югуришлари натижасида Тошкентда олий мадраса (МАЪҲАД) иш бошлади. Мен ана шу мадрасанинг иккинчи қабулида, яъни 1975 йилда ўқишга кирганман. Бу ерга ҳар йили қабул бўлмасди. Ҳар тўрт йилда бир марта қабул ўтказилар эди. Мана шундай қийин шароитларда ишлаб ўтган одамлар ҳақида гапирганда тўғри фикрда бўлишимиз керак. Баъзилар бўлдики, диний идорага доим тош отиб ўтишди. Бу ерда ишлаётганларни “сарой уламолари” дейдиганлар топилар эди. Ана ўша “сарой уламолари” бўлмаса, совет атеистлари динимизни яна не кўйларга солиб юборишлари мумкинлигидан улар бехабардирлар. Бу одамлар қўлларидан келганча дунёвий давлат билан мусулмонларни келиштириб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳаж-умраларни ташкил этиш, масжид-мадрасаларнинг ҳолидан хабар олиш, диний мавзудаги адабиётларни нашр этиш каби хизматлар борки, бу ишларнинг барчаси ўша “сарой уламолари”нинг чекига тушган эди. Буларнинг ҳаммасига нафақат гувоҳман, балки шу ишларнинг ичида эдим”, дейди Абдулазиз Мансур. 


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулазиз Мансур

Баҳолаганлар

468

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг