Шри-Ланка Эронга “қўл чўзди”

Олам

image

Шри-Ланка ҳукумати АҚШ сувости кемаси томонидан Эрон ҳарбий кемаси чўктирилган ҳудуд яқинида қутқариб олинган 208 нафар эронлик денгизчини ҳарбий лагерга жойлаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Президент Анура Кумара Диссанаяке Шри-Ланка бу масалада “инсоний масъулият”ни бажараётганини урғулаган. Денгиз кучлари иккинчи Эрон кемаси “IRIS ⁠Booshehr” эканини хабар берди. У техник носозликлар, хусусан двигател муаммоси сабаб ҳаракатланишда қийинчиликка учрагани айтилмоқда. Шу боис уни мамлакатнинг шарқий соҳилидаги Тринкомали портига олиб келишга қарор қилинган.

Эронлик денгизчилар Коломбо портига етказилиб, тиббий кўрикдан ўтказилган. Шундан сўнг улар гуруҳларга бўлинган ҳолда пойтахтдан тахминан 18 километр узоқликда жойлашган Велисара ҳарбий лагерга кўчирилган. Айни пайтда 15 нафар экипаж аъзоси кемада қолиб, уни навигация қилишга ёрдам бермоқда.

Манбага кўра, “IRIS ⁠Booshehr” Шри-Ланканинг иқтисодий ҳудудига “IRIS Dena” ҳарбий кемаси чўктирилганидан бир кун ўтиб кириб келган. “Dena” кемаси Ҳинд океанида АҚШ сувости кемаси томонидан торпеда билан зарб берилиши натижасида ҳалокатга учраган ва ундаги 87 нафар денгизчи ҳалок бўлган эди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги қутқарув ишларида кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирган. Айни пайтда Шри-Ланка ҳар икки давлат билан яқин савдо алоқаларига эга. АҚШ мамлакат тўқимачилик экспортининг қарийб 40 фоизини қабул қилса, Эрон Шри-Ланка чойининг йирик харидорларидан бири ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Шри-Ланка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг