Шойгу русларни ЕИга киритмасликни нацизмга тенглаштирди
Олам
−
20 Август 2022
5462Барча россияликларнинг Европа Иттифоқи мамлакатларига киришини тақиқлаш ғояси бу нацизм сиёсатининг кўринишидир. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу айтиб ўтган.
“Бугун биз нацизм сиёсатининг намоён бўлишига гувоҳ бўляпмиз, бунда русофоб ғояси юқори Европа трибуналарида барча Россия фуқароларининг Европа Иттифоқи мамлакатларига киришини тақиқлаш бўйича фаол тарғиб қилинмоқда”, дейди у Биринчи Халқаро антифашистик конгресснинг ялпи мажлисида.
Вазирнинг сўзларига кўра, алоҳида давлатлар, хусусан, Болтиқбўйи давлатлари “дунё тартибининг асосий тамойиллари, Нюрнберг трибуналининг ҳуқуқий ва сиёсий баҳолари”ни эътибордан четда қолдирмоқда.
“Эстония ва Латвияда СС легионерларининг юришлари анъанага айланган, ҳарбий жиноятчиларга ёдгорлик ва обелисклар ўрнатилмоқда. Литва шаҳарлари кўчаларида фашистларнинг шиорлари ва чақириқлари очиқ эшитилмоқда”, дейди Шойгу.
Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти Владимир Зеленский Ғарбни барча руслар учун чегараларни бутунлай ёпишга чақирган эди.
Бунинг ортидан жорий йилнинг 11 август куни, Эстония ҳукумати Шенген визасига эга бўлган Россия Федерацияси фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқлаган эди.
Шунингдек, Чехия, Латвия ва Литва ҳам россияликларга виза беришни чеклади. Дания ва Нидерландия эса қисқа муддатли визалар беришни тўхтатган. Германия Россия фуқаролари учун виза тақиқланишига қарши.
Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқининг русларни виза билан камситишга қаратилган қадамлари Москва томонидан жавобсиз қолмаслигини билдирган.
LiveБарчаси