Шойгу Путинни алдаяпти – Пригожин

Олам

image

Евгений Пригожин ўзининг янги видеомурожаатини эълон қилди. Унда Россия Мудофаа вазирлиги Украина урушининг бориши ҳақидаги ёлғон баёнотлар билан Президент Путин ва бутун жамоатчиликни алдаётгани айтилади. 

Пригожиннинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари россияликларни тобора сиқиб чиқармоқда. Шунингдек, у  ҳеч ким захира воситаларини бермаётгани ҳамда Россия қўшинида бошқарув йўқлигини таъкидлаган. Пригожиннинг фикрича, Россия Мудофаа вазирлиги ва Бош штаб ҳали ҳам ғалаба қозонишга умид қилмоқда. 

"Аммо бошқарув йўқлиги, ҳарбий муваффақиятлар бўлмагани учун Мудофаа вазирлиги раҳбарияти эҳтиёткорлик билан Президентни алдамоқда. Биз кун бўйи 60 га яқин Leopard'лар, уч мингга яқин душман аскарлари йўқ қилинганини тинглаймиз. Бу мутлақо бемаънилик", дейди у. 

Пригожиннинг матбуот хизмати видеоёзувнинг фақат биринчи қисмини эълон қилди. Унинг давомийлиги 30 дақиқа бўлиб, унда деярли бутун вақт давомида Пригожин Россия Мудофаа вазирлиги раҳбариятини ва шахсан унинг раҳбари Сергей Шойгуни танқид қилган.

Хусусан, “Вагнер” асосчисининг  айтишича, Украина томонидан Россияга нисбатан тажовуз бўлмаган. Украина НАТО билан биргаликда Россияга зарба беришни ҳам мақсад қилмаган. Мудофаа вазирлиги Украинанинг яқинлашиб келаётган ҳужуми ҳақида гапириб, жамоатчиликни ҳам, Россия Президентини ҳам алдаган. Ваҳоланки, Россиянинг 2022 йил 24 февралда Украинага бостириб киришига сабаблардан бири сифатида ҳам унинг НАТО билан бирга Россия чегараларига хавф солаётгани келтирилганди. 

Пригожин Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини бошланишини “ёмон режалаштирилган операция” деб баҳолаган. 

“Негадир бир тўда ақлсизлар ўзларини шу қадар ақлли деб қарор қилдиларки, Киевга борганларида уларни ҳеч ким тўхтата олмайди, деб ўйладилар”, деган Пригожин. 

У сўзида давом этар экан, урушнинг дастлабки кунлариданоқ жиддий хатоликларга йўл қўйилганини таъкидлайди. Жумладан, Мудофаа вазири Сергей Шойгуни “минглаб одамлар – армиянинг энг жанговар қисмини йўқотган”ликда айблайди. 2022 йилнинг март ойи ўрталарига келиб эса Шойгу аллақачон бу вазиятдан қандай чиқиб кетиш ҳақида бош қотирганини эслайди. “Вагнер” асосчиси Шойгуни ўн минглаб йигитларнинг ўлимига сабабчи бўлгани учун судга тортилиши керак, деб ҳисоблаган. 

Пригожиннинг сўзларига кўра, уруш "бир гуруҳ мавжудотлар шунчаки ғалаба қозонишлари ва ўзларини кўрсатишлари" учун керак эди. 

“Мудофаа вазирига маршал унвони ва Россия Қаҳрамонининг иккинчи юлдузи бериш тўғрисидаги фармон аллақачон тайёрланган. Ҳаммаси фақат бир киши, руҳий касал бўлган бир одам тобутда ётганида, бу юлдузни ёстиқда олиб келишлари учун керак", деди у.

Бундан ташқари, Пригожиннинг айтишича, уруш фақат ҳозирда Россияни амалда бошқараётган олигархлар кланига керак. Пригожин бу одамлар ўзларидан бошқа ҳеч кимни ўйламаслиги, олигархлар бунинг учун Киевга махсус қайтиб келган Виктор Медведчукни Украина президенти қилмоқчи бўлганини таъкидлаган.У Россия қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудудларда активлар бўлинишини қўшимча қилган. 

"Бизнинг рус халқини хафа қилганлар билан олиб борган муқаддас урушимиз рекетликка, каламушбозликка айланди", дейди Пригожин.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Шойгу Пригожин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг