Шойгу НАТО навбатдаги кенгайиш кампаниясини бошлаганини айтди

Олам 7824
image

Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришига Россия Федерациясининг Украинадаги “махсус операцияси” сабаб бўлгани ҳақидаги баёнот нотўғри, чунки бу давлатлар кўп йиллар давомида иттифоққа яқинлашиб келган. Бу ҳақда сешанба куни Россия Мудофаа вазири армия генерали Сергей Шойгу Халқаро хавфсизлик бўйича Москва конференцияси чоғида айтиб ўтди.

“Яқинда НАТО Швеция ва Финляндиянинг ҳарбий блокка киритиш орқали альянсни кенгайтиришнинг янги босқичини бошлади. Бунга Россия “махсус операцияси2 сабаб бўлган деган даъво ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу мамлакатларнинг иттифоқ билан амалий яқинлашуви узоқ йиллардан буён давом этмоқда”, деган вазир.

Шойгунинг сўзларига кўра, Швеция ва Финляндия ҳудудларида ҳужум қуролларини жойлаштириш Россия ҳудудини мудофаа қилиш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқишни талаб қилади.

“Албатта, Хельсинки ва Стокгольмнинг НАТОни стратегик режалаштиришдаги расмий иштироки, бу давлатлар ҳудуди зарба берувчи қуролларни жойлаштириш учун тақдим этилиши Болтиқбўйи минтақаси ва Арктикадаги хавфсизлик шароитларини ўзгартиради, бу Россия ҳудудини ҳимоя қилиш борасидаги ёндашувларни қайта кўриб чиқишни талаб қилади”, деган Шойгу.

Шойгунинг сўзларига кўра, 31 июль куни Россия Президенти Владимир Путин томонидан тасдиқланган янгиланган денгиз доктринасида маълум хулосалар аллақачон чиқарилган ва мустаҳкамланган ва бу йўналишдаги ишлар давом этади.

Швеция ва Финляндия масаласи

18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди. 

Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.

30 июнь куни НАТО саммитидан кейин матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўған, Швеция ва Финляндия учун қувонишга ҳали эрталигини, улар шартни бажарсагина, Туркия парламенти Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига оид ҳужжатни ратификация қилишини айтди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 2.9
t
×