Шомуродовга Ла Лига клуби қизиқиш билдирмоқда
Спорт
−
15 Июль 2023
17504Ўзбекистон терма жамоасининг 28 ёшли форварди Элдор Шомуродовга Испаниянинг “Жирона” клуби қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда “Sport Express” хабар берди.
Маълум қилинишича, эндиликда Италиянинг “Рома” клубига кераги бўлмай қолган Шомуродов учун жамоа трансфер эшикларини очиб қўйган. Ҳозирга қадар футболчига “Лечче”, “Ростов”, “Торино” ва “Галатасарай” каби номдор клублар томонидан қизиқиш билдирилган.
Манбага кўра, сўнгги вақтларда Испаниянинг “Жирона” клуби ҳам форвард трансфери учун кечаётган курашга қўшилган. “Рома” Шомуродовни сотиб олиш мажбурияти билан ижарага олишга тайёр бўлган ҳар қандай жамоага сотишга тайёр, бироқ молиявий томондан бир мунча “қашшоқ” бўлган клубларнинг сўнгги қарорга келиши қийин кечмоқда. Чунки ҳужумчининг маоши 1,5 миллион эврони ташкил қилади.
Маълумот учун, Элдор 2015-2017 йилларда Тошкентнинг “Бунёдкор” кубида тўп тепган. Кейинчалик, футболчи уч йил давомида Россиянинг “Ростов” клуби шарафини ҳимоя қилиб, 2020 йилда Италиянинг “Женоа” жамоаси таркибига бориб қўшилган.
Шунингдек, Шомуродов “Женоа”даги бир йиллик фаолиятидан сўнг “Рома” ва 2022/2023 йилги мавсумнинг иккинчи ярмини ижара асосида “Специя” клубида ўтказди. Мавсум якунида эса спортчи яна Римга қайтадиган бўлди. Шомуродовнинг “бўрилар” билан амалдаги шартомаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади.
LiveБарчаси