Шомуродов Италия А сериясининг TOP-100 футболчилари рўйхатидан жой олди

Спорт 19746
image

Ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродов Италия А сериясининг TOP-100 футболчилари рўйхатидан жой олди. Бу ҳақда “La Gazzetta Dello Sport” нашри ёзмоқда

Маълум қилинишича, Шомуродов 5,94 балл билан 85-ўринда қайд этилган. Биринчи ўринни эса Милан шаҳрининг “Интер” клуби ҳужумчиси бельгиялик Ромелу Лукаку эгаллаган. У ҳар ўйинда ўртача 6,79 балл қайд этган. 2-ўринда “Милан” клуби яримҳимоячиси Франк Кесси, 3-ўринда Туриннинг “Ювентус” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду қайд этилган.

Хабарга кўра, Элдор Шомуродов тўп сураётган “Женоа” клубидан яна 5 нафар футболчи ушбу рўйхатдан ўрин олган. Булар:

  • италиялик Давиде Заппакоста 6,45 балл билан 30-ўринда;
  • италиялик Маттиа Дестро 6 балл билан 46-ўринда;
  • италиялик Маттиа Перин 6,23 балл билан 72-ўринда;
  • италиялик Жанлука Скамакка 6,11 балл билан 84-ўринда;
  • хорватиялик Милан Бадель 6,12 балл билан 97-ўринда. 

Маълумот учун, Шомуродов тўп сураётган Италия А серияси Европанинг энг кучли 5 та чемпионатидан бири ҳисобланади. Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси эса Италия А сериясини 2020 йилнинг энг яхши миллий чемпионати деб топган. Ушбу чемпионатда 550 дан ортиқ футболчи ўйнайди. 

“Transfermarkt”га кўра, сурхондарёлик футболчининг трансфер баҳоси 7 миллон евро атрофида. Италиялик спорт журналисти Жанлуки Ди Марцио эса ўзбек ўғлонининг хизматини икки баробар юқори, яъни 15 миллион евро атрофида баҳолаган

Эслатиб ўтамиз, Шомуродов Италиянинг “Женоа” клубига ўтган йили Россиянинг “Ростов”идан келиб қўшилган. Трансфер қиймати 7,5 миллион еврони ташкил қилган Элдор бу мавсум 31 та ўйинда майдонга тушиб 8 та гол урган ҳамда 1 та голли узатма берган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 929
Рейтинг: 3
t
×