Шольц Зеленскийнинг илтимосини рад этди
Олам
−
22 Октябрь 2022
17716Германия канслери Олаф Шольц Германия Ғарбда ишлаб чиқарилган қуролларни, жумладан, Leopard 2 танкларини ҳамкорлар билан келишилмаган ҳолда бир томонлама тартибда етказиб бермаслигини айтди. Бу ҳақда у “Welt am Sonntag” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Украина томони Берлиндан Leopard 2 танкларини беришни бир неча бор талаб қилган. Бир қатор либераллар ва “яшиллар” вакиллари ҳам ушбу жанговар тизимларни ўтказиш тарафдори бўлишди, бироқ канцлер ҳали ҳам бу масалада қатъийлигича қолмоқда ва ҳатто Қўшма Штатлар ҳам Киевни танклар билан таъминламаётганини бир неча бор таъкидлади.
“Германия айланма алмашинув доирасида Чехия, Словакия, Словения, Грециядан Украинага зудлик билан фойдаланиш мумкин бўлган 100 дан ортиқ танк етказиб берилишига эришди”, дейди канцлер.
Берлин нега Киевга Ғарбда ишлаб чиқарилган танкларни, шу жумладан Германиянинг Leopard 2 танкларини тақдим этишга қарши экани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у “Украинада Россия ва постсовет даврида ишлаб чиқарилган танклар учун логистика, эҳтиёт қисмлар, ўқ-дорилар борлигини” таъкидлади.
“Биз бошқа мамлакатлардан етказиб беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Аммо, аввалгидек, қандай қуролларни етказиб бериш масаласи жуда аниқ тамойилга асосланяпти – бир томонлама қадамлар йўқ”, дея таъкидлади Шольц.
Германия Иқтисодий ишлар ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлигининг олдинги ҳисоботига кўра, Германия аллақачон Украинага 686 миллион евролик ҳарбий маҳсулотлар етказиб берган. Шундай қилиб, Украина НАТОга аъзо бўлмаган ва альянс ҳамкорлари бўлмаган давлатлар орасида немис қуролларининг энг асосий олувчисига айланди.