Шольц ЕИни кенгайтириш бўйича Макроннинг таклифини қўллаб-қувватлади

Олам 4151
image

Германия канцлери Олаф Шольц Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Европа Иттифоқи мамлакатларига Европа Иттифоқидан ташқаридаги ҳамкорлар билан яқинроқ мулоқот ўтказиш имконини берадиган янги “Европа сиёсий ҳамжамиятини” яратиш ғоясини қўллаб-қувватлашини билдирди ва унга Ғарбий Болқон давлатлари, Грузия, Молдова ва Украинани қабул қилиш тарафдори эканини айтди.

“Ғарбий Болқон давлатлари, Украина, Молдова ва келажакда Грузия Европа Иттифоқининг бир қисми бўлиши керак”, дейди Шольц Прагадаги Чарльз университетида сўзлаган нутқида. 

Унинг фикрича, бу “Европа Иттифоқи манфаатларига жавоб беради”.

“Бундай бирлашма – ва бу мен учун муҳим – Европа Иттифоқининг яқинлашиб келаётган кенгайишига муқобил эмас”, дейди канцлер янги сиёсий ҳамжамиятни яратиш ғоясига ишора қилиб.

Унинг фикрича, ЕИда Евроиттифоқ етакчиларига йилига бир ёки икки марта ҳамкор давлатлар билан ҳамкорликнинг асосий масалаларини муҳокама қилиш имконини берадиган форум йўқ. Бундай масалалар қаторида Шольц хавфсизлик, энергия ва глобал исишга қарши курашни санаган.

Европа Иттифоқининг ривожланишига тўхталар экан, Шольц муҳим хомашё етказиб бериш масаласида бирлашган Европа мустақиллигини мустаҳкамлаш тарафдори эканини айтди. 

“Бизга Made in Europe 2030 стратегияси каби ўйин режаси керак”, деди канцлер.

Янги “Европа сиёсий ҳамжамиятини” яратиш ғояси Макрон томонидан илгари сурилган бўлиб, у шу орқали яқин келажакда Европа Иттифоқига қўшилиш истиқболи йўқ бўлган давлатлар билан ҳамкорликни яхшилашни истайди. Франция раҳбари Украинани ана шундай давлатлар қаторига киритган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 115
Рейтинг: 3.2
Теглар
t
×