Шольц ва Си Цзиньпин Россиянинг Украинадаги урушини муҳокама қилди
Олам
−
04 Ноябрь 2022
5771Бугун, 4 ноябрь куни Германия Бош вазири Олаф Шольц Хитойга расмий ташриф билан келади. Шольц пандемия бошланганидан бери илк марта Хитойга келган G7 (катта еттилик) етакчиси бўлди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги ёзмоқда.
Германия канцлери Хитой Раиси Си Цзиньпин билан учрашган. Музокаралар чоғида, Си “ўзгариш ва нотинчлик” даврида Германия ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, давлат етакчилари Россиянинг Украинага қарши уруши, иқлим ўзгариши ва иқтисодий алоқалар тўғрисида музокаралар ўтказган.
Кўплаб таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Шольцнинг ташрифи бир-неча йиллар давомида кескинлашиб келалаётган Ғарб ва Хитой ўртасидаги муносабатларни синовдан ўтказди.
Германия канцлери Хитой раҳбарига дунёдаги таранглик вазиятида ўзаро учрашиб, гаплашганлари яхши бўлганини айтган. Шольцнинг таъкидлашича, Россиянинг Украина ерларига бостириб кириши маълум тартиб-қоидаларга асосланган дунёда муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бош вазир Си билан музокараларда глобал очликка қарши кураш тўғрисида ҳам сўз очган.
Икки томонлама музокаралар якунлангач, Си ва Шольц хорижий давлат раҳбарлари учун зиёфат ўтказиладиган “Олтин хона”нинг катта залида биргаликда тушлик қилган.
Қайд этилишича, Шольц бошчилигидаги делегация аъзолари Пекинга қўниши билан CОVID-19 тест топширган ва канцлернинг тест натижалари салбий чиққан.
Таъкидланишича, Хитойнинг нол-COVID сиёсати, яъни, мамлакатда вирус хавфини максимал даржада камайтириш учун жорий қилинган карантин қоидалари ва Ғарб давлатлари билан кескинлашиб бораётган алоқалар йирик давлатлар раҳбарларининг Хитойга ташрифини деярли имконсиз қилиб қўйди. Си Цзиньпиннинг ўзи эса пандемия давридан бери илк бора жорий йилнинг сентябрь ойида Қозоғистонга қисқа муддатли сафар уюштирди. У Қозоғистондан кейин расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган эди.
LiveБарчаси