Шольц Россияга қарши янги чекловни G7 да муҳокама қилиш бефойда эканини айтди

Олам 10533
image

Германия канцлери Олаф Шольцнинг фикрича, АҚШнинг Россиядан Европа мамлакатларига олтин экспортини тақиқлаш ҳақидаги таклифи “Катта еттилик” гуруҳида (G7) эмас, балки Европа Иттифоқида муҳокама қилиниши керак. Бу ҳақда у бугун, 27 июнь куни ZDF телеканали эфирида айтди.

“Биз бу масалани муҳокама қилмоқдамиз, лекин уни ЕИ доирасида муҳокама қилиш керак, чунки бу масала бўйича якуний қарор G7 томонидан қабул қилинмайди. Аммо биз санкцияларимизни доимий равишда такомиллаштириб борамиз – уларни қўллаб-қувватлаган ҳар бир киши ишониши керак”, дея таъкидлаган Шольц.

Канцлер Россияга қарши санкциялар бемаъни эмаслигини, улар маълум мақсадга йўналтирилганини қўшимча қилган.

“Улар Россия иқтисодиётининг сезиларли даражада заифлашишига ва заифлашишда давом этишига сабаб бўляпти, чунки технологик тараққиётдан узилган давлат иқтисодий нуқтаи назардан ҳар қанақасига сезиларли даражада орқага қайтади”, деган у.

Германия ҳукумати раҳбарининг таъкидлашича, санкциялар ўз ишини бажаряпти, аммо шунга қарамай, енгиб ўтиш керак бўлган хавфлар мавжуд. Хусусан, Шольц санкциялар нафақат Россия ва унинг раҳбариятига, балки чеклов жорий қилаётган давлатларга ҳам салбий таъсир қилишига тўхталган. Унинг сўзларига кўра, Германия расмийлари анча олдин, ўтган йили декабрь ойида, бунинг оқибатларини енгиб ўтишга тайёрланишни бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, G7 платформаси аъзоси бўлган тўрт давлат – АҚШ, Япония, Буюк Британия ва Канада Россиядан олтин импорт қилишга тақиқ қўйиш ниятида экани маълум бўлганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 306
Рейтинг: 2.9
t
×