Шодмонов Бош прокурорга шифокорларни дўппослаш ҳолатлари бўйича мурожаат қилди

Жамият 1801
image

Аввалроқ, Тошкентда 6-подстанциянинг тез тиббий ёрдам шифокори Жаҳонгир Хўжаевга нисбатан беморнинг яқинлари тажовуз қилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов кеча, 2 октябрь куни 7-клиник шифохонада даволанаётган Жаҳонгир Хўжаев ҳолидан хабар олди, унинг соғлиғи билан қизиқди. Республиканинг етакчи мутахассислари билан консилиум ўтказиб, Хўжаевнинг соғайиб кетиши учун лозим бўлган барча чора-тадбирларни кўриш юзасидан топшириқлар берди. Ва шу куннинг ўзида беморга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкентдаги 7-клиник шифохонадан Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига даволаниш учун кўчирилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов шифокорларга тажовуз килиш каби иллатни олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ҳар бир  ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш баробарида уни  назоратга олиш кераклиги бўйича шу йилнинг 2 октябрида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилган.

Ўз навбатида Жаҳонгир Хўжаев тиббиёт ходимлари обрўсини юксалтириш йўлида ҳамиша ўз хиссасини қўшишини қатъий билдириб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, шифокор-кардиолог Жаҳонгир Хўжаев ижтимоий тармоқлар орқали ўзининг калтакланганига оид маълумотларни тақдим қилган эди. 

"Мен Тошкент шаҳри 6-подстанция тез-тиббий ёрдам шифокори Жаҳонгир Ҳожиевман, мени 30 сентябрь куни соат 00:40да калтаклашди, бурнимни синдириб, жароҳат етказишди, миям чайқалди.

29 сентябрь куни соат 22:51да чақириқ келиб тушган бўлса, 12 дақиқада белгиланган манзилга етиб бордик. Бизни маст эркаклар қарши олишди ва стулларда ётган 28 ёшли қиз ёнига олиб боришди. Қизда психомотор қўзғалиш кузатилаётганди. Унинг атрофида 20дан ортиқ одам тўпланиб олган, ҳаммаси тинимсиз бақирар, мени ва шерикларимни ҳақорат қилишарди. Мен улардан тинчланишни ва беморга ёрдам беришимга халақит қилмасликни сўрадим. Қизнинг ҳаётий кўрсаткичлари меъёрида эканлигини тушунтирдим. Лекин улар мен ва фельдшерни ҳақоратлашда давом эттиришди. Мен ёрдам кўрсатдим, қиз ухлаб қолди. Маълум вақт ўтиб яна уйғонди ва яна қичқиришни бошлади.

Уни шаҳар 7-клиник шифохонасига олиб кетдик. Қабулхонада невропатолог чақиртирдим, лекин қариндошлари невропатологни ҳам ҳақоратлашди. Чўчиб кетган невропатолог қизни реанимацияга олиб боришни сўради. У ерда шифокор ва ҳамширалар қизни тинчлантира бошлашди. Лекин унинг қариндошлари бу бўлимга ҳам кириб, шифокорларни камситиб, ҳақоратлаб уришда давом этишди. Мен йўлакка чиққанимда қизнинг акаси кутилмаганда боши билан юзимга зарба берди ва бурнимни синдирди. Кучли қон кета бошлади. Милиция чақиришга тўғри келди. Аммо милиция ҳам бу (...)ларни қийинчилик билан тинчлантира олди.

Қизга кейинги куниёқ жавоб беришди, чунки у бутунлай соғлом эди.

Мен ҳозирда 7-клиник шифохонада "Бурун суякларининг ёпиқ синиб силжиши, мия чайқалиши ва бош мия суягининг аралаш ёпиқ синиб жароҳатланиши, бош мия чайқалиши» ташхиси билан даволаняпман. Учинчи кундирки бирор киши келиб аҳволинг қалай, деб сўрамади.

2,5 йилдан буён тез тиббий ёрдамда ишлайман. Одамлар шифокорларга йилдан-йилга ёмонроқ муносабатда бўлаётганини кўриб турибман. Айниқса тез тиббий ёрдам шифокорлари қийин аҳволда. Ҳар куни шифокорлар дўппосланади, зўравонлар эса жазосиз қолаверади.

Менга жуда алам қилади. 10 йил давомида контракт асосида жуда катта маблағ тўлаб ўқидим. Арзимас маош эвазига эрталабдан кечгача, чақириқдан-чақириққача ишлайман. Ҳаммага ёрдам беришга ҳаракат қиламан, ўз устимда ишлайман. Бунинг ҳаммаси учун «миннатдорчилик» сифатида мана шу жароҳатларни олдим...

Вазиримизга саволим бор: нега биз ҳақимизда ҳеч ким қайғурмаяпти? Нега бошқа тизимларда ходимлар манфаати учун сезиларли ўзгаришлар бўлаётган бир пайтда соғлиқни сақлаш тизимида ҳатто ишлаш хавфли бўлиб қолди?", деган эди Хўжаев ўз мурожаатида. 
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 42
Рейтинг: 3.0
Будьте в курсе событий!
×
×