Шимолий Кореяга озиқ-овқат инқирози хавф солмоқда
Олам
−
22 Февраль 2023
4801Мутахассислар Шимолий Корея муҳим озиқ-овқат инқирозини бошдан кечирётганини айтмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакат учун сурункали озиқ-овқат танқислиги ноодатий ҳол эмас, бироқ сўнгги йилларда чегара назорати, ёмон об-ҳаво ва санкциялар вазиятни ёмонлаштирган. Давлат оммавий ахборот воситалари юқори лавозимли амалдорлар февраль ойи охирида қишлоқ хўжалиги сиёсатидаги асосий ўзгаришларни муҳокама қилиш учун учрашиши кутилётганини хабар қилган.
Шунингдек, матбуотда бу каби муаммоларни ҳал қилиш учун чет эл ёрдамидан фойдаланиш “заҳарланган конфет”га қиёсланган. Уларда “империалистлар” ўз ёрдамидан мамлакатларни талон-торож қилиш ва бўйсундириш учун тузоқ сифатида фойдаланиши айтилган.
Ўз навбатида, Жанубий Кореянинг бирлашиш вазирлиги ҳам озиқ-овқат тақчиллиги ҳақида огоҳлантирган ва Жаҳон озиқ-овқат дастуридан ёрдам сўраган. Жанубий Корея расмийлари сунъий йўлдош орқали олинган суратларга асосланиб, Шимолда 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 180 минг тоннага кам озиқ-овқат ишлаб чиқарилганини маълум қилган.
Айтиш жоизки, ўтган йили ҳосилнинг ёмонлиги ва одамлар арзон муқобилларга мурожаат қилишлари фонида озиқ-овқат нархлари ошган. Хусусан, гуручга нисбатан камроқ афзал кўриладиган маккажўхори нархи 2023 йил бошида 20 фоизга қимматлаган.
“Агар одамлар кўпроқ маккажўхори сотиб олса, бу умумий озиқ-овқат ва айниқса, гуруч каби асосий озиқ-овқат маҳсулотилари қимматлашаётганини англатади. Ҳозирда гуручнинг бир килограми 3400 Шимолий Корея вони (3,80 АҚШ доллари)га баҳоланмоқда”, дейди Шимолий Корея бўйича таҳлилчи Бенжамин Силберштейн.
Маълумот учун, Шимолий Корея дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири ҳисобланади. Давлатнинг товарлар ва одамларга нисбатан ўрнатган қатъий чегара чоралари туфайли чет элликлар учун мамлакатга кириб, вазиятни текшириш ёки инқироз даврида ёрдам юбориш қийинлашган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15