Шимолий Корея Курскда юзлаб аскарларини йўқотди – АҚШ
Олам
−
18 Декабрь
5204Шимолий Корея қўшинлари аллақачон Россия Федерациясининг Курск вилоятида Украина қуролли кучлари билан жангларда ҳалок бўлган ва яраланган “бир неча юз” аскарини йўқотган. Бу ҳақда кеча, 17 декабрь куни Американинг юқори мартабали ҳарбий амалдорига таяниб, “Associated Press” хабар берди.
Унинг аниқлик киритишича, гап “енгил жароҳатлардан тортиб жангдаги ўлимгача барча ҳолатлар” ҳақида кетмоқда ва қурбонлар орасида “барча даражадаги” Шимолий Корея ҳарбийлари бор. Америка ҳарбийлари Курск яқинидаги жангларда Шимолий Корея қўшинларининг бундай катта йўқотишларини уларнинг тажрибасизлиги билан изоҳлади.
“Булар жангда қотган аскарлар эмас. Улар илгари жангда қатнашмаган”, деб таъкидлади АҚШ расмийси.
16 декабрь куни Пентагон матбуот котиби генерал-майор Патрик Райдер КХДР ҳарбийлари Курск вилоятидаги жангларда илк йўқотишларга учраганини, аниқ рақамларни келтирмаганини айтди. Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси шу куннинг ўзидаёқ маълум қилишича, биргина 14 ва 15 декабрь кунлари Шимолий Корея армияси бўлинмалари камида 30 киши ҳалок бўлган ва яраланган.
Украина Президенти Владимир Зеленский 16 декабрь куни кечки видеомурожаатида Россия ҳукумати КХДР ҳарбий хизматчилари орасида йўқотишларни яширишга уринаётганини айтди.
“Корейсларнинг бу урушда ўлиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ – бу Россияни қамраб олган ва бу урушни кучайтираётган Путиннинг ақлдан озиши”, деб таъкидлади Зеленский.
Октябрь ойида Зеленский Шимолий Корея ўз аскарларини Россияга Украина билан урушда ёрдам бериш учун юборганини айтган эди. Кейинчалик бу маълумотни Жанубий Корея разведкаси ва Пентагон тасдиқлади. Сеул маълумотларига кўра, Шимолий Корея Россия Федерациясига 12 минггача аскарини ўтказиши мумкин.
Ноябрь ойида АҚШ Давлат департаменти уларнинг баъзилари аллақачон Курск вилоятидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этгани ҳақида хабар берган эди. Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Москва ҳар бир ҳарбий хизматчи учун Пхенянга 2000 доллар тўлайди, бу КХДР оддий фуқаросининг 83 йиллик маошига тенг.
Россия Президенти Владимир Путин июнь ойида Шимолий Кореяга ташриф буюрган ва Ким Чен Ин билан кенг қамровли стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолаган эди. Ушбу ҳужжат ҳақиқатда мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий иттифоқни мустаҳкамлайди. Битимнинг 4-моддасига кўра, томонлардан бирига ҳужум қилинган тақдирда иккинчиси барча мавжуд воситалар билан ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олади.
LiveБарчаси