Шимолий Корея аёлларнинг шорти кийишини тақиқлаяпти
Олам
−
17 Август 2023
16761Шимолий Корея ҳукумати аёлларнинг шорти кийишини тақиқламоқчи. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.
Шимолий Корея ўзининг авторитар тизими ва чиқариладиган ноодатий қонунлари билан машҳур. Бу галги кучга кириши мумкин бўлган қонун эса аёлларга калта шим кийишни тақиқлайди.
Гап шундаки, мамлакат раҳбари Ким Чен Ин аёлларнинг калта шим кийишини “капиталистик мода” деб атаган.
Маълумотларга кўра, мамлакатда шу кунга қадар 10 нафар аёл шунчаки калтароқ шим кийгани учун ҳибсга олинган. Аммо манбанинг келтиришича, мамлакатдаги аёллар бундай қонунлардан мамнун эмас.
"Кўп аёллар шикоят қилмоқда. “Нима учун эркаклар шорти кийиши мумкин, аёллар эса йўқ?” деб сўрашмоқда”, дейилади хабарда “Озод Осиё” радиосининг аноним манбасига таяниб.
Бу мамлакатнинг фақат аёллар учун чекловларни жорий этувчи биринчи қонуни эмас. Келтирилишича, август ойи бошида ҳам жамоат жойларида чекиш фақат аёллар учун чекланган эди. Ўшанда Пёнган шимолида яшовчи икки аёл ташқарига чекиш учун чиққанида жаримага тортилган ва агар улар яна қўлга олинса, бир ойга интизомий меҳнат марказига жўнатилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Бундан ташқари, ўтган йили аёллар “капиталистик мода”да кийинганлиги, яъни тор шим кийгани ва сочларини бўягани учун ҳам жазога ҳукм қилинган.
Маълумот учун, Японияда ҳам узоқ вақтдан бери мактаб ўқувчилари учун кийим-кечак билан боғлиқ жуда қатъий қоидалар мавжуд. Ҳукумат ҳатто уларнинг нима кийиши мумкинлиги - ички кийимининг ранги, пайпоқларининг узунлиги ва соч турмагигача белгилаб берган.
LiveБарчаси