Шимолий денгизда Россия сув ости кемаларининг фаоллиги ортди
Олам
−
26 Март 2023
15863Норвегия ҳарбий-денгиз кучлари Шимолий денгиз ҳудудида Россия сув ости кемалари, шунингдек, разведка самолётларининг фаоллиги ошганини қайд этди. Бу ҳақда TV2 телеканали хабар берди.
Айтилишича, Норвегия қуролли кучлари Россия сув ости кемаларининг фаолиятини кузатиб бормоқда. Норвегия ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони Руне Андерсен шундай сув ости кемаларидан “Северодвинск” ва “Юрий Долгорукий”нинг АҚШ ва Европадаги стратегик объектлар учун хавф туғдириши эҳтимолидан огоҳлантирган.
“Булар илғор ракеталар билан қуролланган замонавий, паст овозли сув ости кемалари”, деган Андерсен.
Норвегия ҳарбий-денгиз кучлари Россия ҳарбий-денгиз кучлари фаоллигининг ўсиши ҳақида эълон қилсада, миқдорий ҳисоб-китобларни тақдим этмаган. Бироқ Ғарб давлатлари жавоб чораларини кўраётгани маълум қилинган.
Манбага кўра, мамлакат Қуролли кучлари стратегик инфратузилмага аниқ таҳдидлар ҳақида маълумотга эга бўлмасада, Норвегия ҳарбий-денгиз кучларининг тайёргарлиги ошгани ўтган йили “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим 2” қувурларининг бузилиши билан боғлиқ. Чунки Норвегия Россиянинг Украинага босқини бошланганидан кейин Европага газ етказиб берувчи асосий давлатга айланган.
“Биз Европага энг йирик газ етказиб берувчимиз, биз бу масъулиятни жиддий қабул қиламиз”, деган Норвегия ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони.
Маҳаллий мудофаа эксперти Том Росет эса Норвегия қувурларини саботаж қилиш мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари фаоллигининг ортгани туфайли қийинлашганини, ҳозирда вазият Москва Норвегияга қарши саботаж қилиш имкониятини кўриб чиқадиган даражада жиддий эмаслигини таъкидлаган.
LiveБарчаси