Шифокорлар 5-қаватдаги эскалатордан қулаган набиранинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашмоқда – ССВ
Жамият
−
19 Февраль 2022
10209Аввалроқ, Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт” савдо мажмуасида бобо ва набира 5-қаватдаги эскалатордан қулаб тушгани ва бобо вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати набиранинг ҳолати ҳақида маълумот берди.
Вазирликка кўра, тиббиёт ходимлари стабил оғир аҳволдаги беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашмоқда.
Қайд этилишича, баландликдан йиқилган бола Кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига ётқизилган. Унда стандарт бўйича неврологик, ультратовуш ва бош мия МСКТси каби қатор текширувлар амалга оширилган.
Бемор А.Т.га дастлаб “Қўшма жароҳат, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, ўрта оғир даражаси, пешона соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг томонлама чаноқ суяклари синиб силжиши, ўнг ўпка лат ейиши, чап сон пастки учлиги юмшоқ тўқималари лат ейиши” ташхиси қўйилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги унинг ҳолатини назоратга олган. Тиббиёт ходимлари стабил оғир аҳволдаги беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашмоқда. Унга стандарт асосида тегишли тиббий ёрдам кўрсатиляпти.
Эслатиб ўтамиз, бахтсиз ҳодиса кеча, 18 февраль куни соат тахминан 20:30 да содир бўлган. 53 ёшли фуқаро 3 яшар набираси билан мажмуанинг 5 ва 4-қаватлари оралиғидаги эскалаторда мувозанатини йўқотиб, 1-қаватга йиқилган.
1969 йилда туғилган фуқаро Ш.Т. воқеа жойида вафот этган. Тан жароҳати олган 3 ёшли набира А.Т. эса зудлик билан болалар тиббиёт марказига ётқизилган.
LiveБарчаси