Шавкат Мирзиёев ҳам мақола ёзди

Жамият

image

Туркиянинг “Hurriyet” нашрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашининг аҳамияти, замонавий интеграция ва ҳамкорлик ҳақидаги мақоласи эълон қилинди

Шавкат Мирзиёев дастлаб Туркий Кенгашнинг еттинчи саммити иштирокчиларини ҳамда бутун турк оламини Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш бўйича Нахчивон келишуви имзоланганининг 10 йиллиги билан табриклади.

“Бугун Туркий Кенгаш ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни чуқурлаштириш, уларнинг қарашларини халқаро майдонда самарали илгари суриш учун истиқболли халқаро платформага айланди”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Ўзбекистон катта турк оиласининг ажралмас қисми сифатида туркий давлатлар билан муносабатларнинг ривожланишига катта аҳамият бериши таъкидланган. Шунингдек, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида “Туркистон – умумий уйимиз” ташаббусини илгари сургани ва бу туркий тилли жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлангани қайд этилган.

“Бизнинг мамлакат туркий тилли давлат раҳбарларининг илк саммитларида фаол иштирок этган. Давлат раҳбарларининг тарихий тўртинчи саммити 1996 йил 21 октябрь куни Тошкентда ўтганди. Бу туркий давлатлар ҳамкорлиги ривожида муҳим босқич бўлиб, замонавий Туркий кенгаш тузилишига пойдевор қўйганди”, деб таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, давлат раҳбарлари 1996 йилда Тошкент декларациясини имзолаб, доимий мулоқот муҳим эканини таъкидлаб, туркий тилли давлатлар раҳбарлари учрашуви учун котибият ташкил қилишга келишиб олган. Бу муҳим институт Нахчивон келишувига кўра ташкил этилган Ҳамкорлик кенгаши котибиятида ўз аксини топган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон шу йили Нахчивон келишувига қўшилиш учун сўров юборгани ва бир кун ичида ижобий жавоб олганини айтиб, 14 сентябрь куни Президент қарори қабул қилингани ва Ўзбекистоннинг келишувга қўшилиши тўғрисидаги қонун ратификация қилинганини эслатиб ўтди.

“Мамлакатимизнинг Туркий Кенгашга қўшилиши туркий оламда интеграциянинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади ва аъзо давлатлар орасида иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилётган вақтда ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Туркий Кенгаш минтақасида давлатлараро муносабатларнинг ижобий тенденцияси бизга Кенгаш доирасида ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, “Осиё юраги – Афғонистон учун Истанбул жараёни” каби халқаро институт ва механизмларда янги истиқболларга йўл очади.

“Кенгаш маслаҳатлашув, давлатлараро алоқаларни мувофиқлаштириш механизми ва Марказий Осиё, Кавказ, Яқин Шарқ ва Европада ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишда катта имкониятларга эга. Аъзо давлатлар орасида баҳс ва қарама-қаршиликлар йўқ ва бу менинг ўйлашимча муҳим устунлик беради. Барча давлатлар Туркий кенгаш фаолиятига алоқадаор халқаро ва минтақавий масалаларда бир хил ёки бир-бирига яқин қарашларга эга”, дейди Ўзбекистон раҳбари.

Қайд этилишича, Туркий Кенгаш давлатларининг ҳар томонлама ҳамкорликда етишган даражаси катта оптимистликни юзага келтиради. Ҳозирча унинг ҳақиқий потенциали анчайин кўп. Асосийси, ҳозир туркий давлатларда янаям яхши натижаларга эришиш учун сиёсий ирода мавжудлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий мақсадларини белгилаб олганини маълум қилди.

“Биз транспорт ва транзит соҳасида яқин ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдормиз. Интеграциялашган транспорт тармоқларининг яратилиши йирик глобал ва минтақавий бозорларга чиқишни таъминлайди. Бу ўринда гап аввало Шимол-Жануб ва Шарқ-Ғарб халқаро транспорт йўлаклари, Марказий Осиё минтақасини Хитой, Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган автомобиль, темир йўл ва ҳаво йўллари ҳақида бормоқда.

Шу мақсадда минтақада транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича бир қатор стратегик муҳим лойиҳалар амалга оширилди. “Андижон-Ўш-Иркиштом-Қашқар” автомобиль йўлаги ривожланиши, шунингдек,  Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт берилиши билан катта имкониятлар очилмоқда.

Барча соҳаларда илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацияларнинг жорий этилиши ҳар қандай мамлакатнинг рақобатдошлиги ва барқарор ривожланишининг ҳал қилувчи омилидир.  Шунинг учун биз Туркий Кенгаш мамлакатларининг инновацион ривожланишини асосий устувор йўналишлардан бири деб биламиз. Шу муносабат билан биз келажакда технологияларни ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини илгари суриш учун инновацион ривожланиш учун масъул муассасалар, илмий марказлар ва венчур компаниялар ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни таклиф қиламиз.

Маълумки, туркийзабон давлатлар халқлари ноёб ва бебаҳо маданий,  тарихий ва маънавий меросга эга бўлиб, улар бутун инсониятга тегишли. Мамлакатларимизда туркий ва ислом цивилизациясининг тарихий обидалари, буюк алломалар, шоирлар, мутафаккирлар ва санъаткорларнинг мероси сақланиб келинмоқда. Ушбу бебаҳо бойлик бутун инсониятга тегишли, зиёрат туризмини ривожлантириш орқали уни бутун дунёга кўрсатиш керак. Иқтисодий индустрия каби туризм ҳам давлатлар ва халқларни яқинлаштиришда муҳим роль ўйнайди”, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

У, шунингдек, глобаллашув ва тинчликка таҳдид ортиб бораётган бир вақтда ўзаро ҳамкорлик ҳар доимгиданда муҳимроқ экани ҳақида сўз юритган.

“Дунёда глобаллашув, сиёсий кескинликнинг ортиб бориши шароитида ўзаро фойдали ҳамкорлик барқарор ривожланиш ва тараққиёт, тинчлик ва хавфсизликка эришишда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Ўйлашимча, туркийзабон давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг асосий жиҳатларидан бири терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар контрабандаси ва одам савдосига қарши курашда Туркий Кенгаш мамлакатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш бўлиши керак”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Туркий давлатларнинг сиёсий иродаси, очиқ ва конструктив бошқаруви, давлат етакчиларининг доимий учрашувлари натижасида минтақада ўзаро ишонч муҳити мустаҳкамланаётгани ва бу жараёнда Ўзбекистон ҳам иштирок этаётгани эътироф этилди.

Туркийларнинг буюк вакили, қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ўзбек халқининг тарихий аҳамияти ҳақида сўз юритиб, шундай деганди: “ўзбек халқи туркий тилли халқлар тақдирида Византиянинг славянь халқлари тақдирида ўйнаганидек ролни бажарган.”

“Бугун муҳим тарихий ривожланиш босқичида Ўзбекистон Республикаси туркийзабон давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга тайёр.

Яна бир бор чин қалбимдан туркийзабон давлатлар халқини Туркий Кенгашнинг ўн йиллиги билан табриклайман ва уларга тинчлик, фаровонлик ва ривожланиш тилайман”, деб якунлаган Шавкат Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг