Шавкат Мирзиёев Жавоҳир Синдоровни тарихий ғалаба билан табриклади

Спорт

image

Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев шахмат бўйича Жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали сўзлашиб, уни тарихий ғалаба билан табриклади.

“Жавоҳир, болам мен ана сенинг буюк ғалабанг билан табриклайман. Ўзбек фарзанди, янги Ўзбекистон нимага қодир эканини дунёга тараннум қилганинг учун мен фахрланаман. Илоҳим, мана шу ютуқларинг бардавом бўлсин. Ота-онанг, боболаринг қандай хурсанд бўлса, мен ҳам хурсанд бўлдим. Илоҳим, яхши кунларингда шерик бўлай. Бу ҳаммамизга ғурур бағишлайди. Мен сендай фарзандим борлигидан яна бир марта фахрланаман”, дейди давлат раҳбари.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида якунига етган шахмат бўйича Жаҳон кубоги ғолиблигини қўлга киритди.

Ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан 200 нафардан ортиқ шахматчи бош соврин учун кураш олиб борди. Жавоҳир Синдоров беллашувларнинг финалига қадар етиб келди. Ҳал қилувчи баҳсда Синдоровга хитойлик Вей Йи рақиблик қилди. Мазкур қарама-қаршиликнинг дастлабки икки партияси дуранг билан якунланганди. Якунда бугун ғолиб тай-брейкда аниқланди. Тай-брейк якунига кўра, Жавоҳир Синдоров 1,5 : 0,5 ҳисобларида ғалаба қозонди ва Жаҳон кубоги ғолибига айланди. 

Маълумот учун, Жавоҳир Синдоров мазкур мусобақа давомида Никита Петров (Черногория), Николас Теодору (Греция), Ю Янгйи (Хитой), Фредерик Сване (Германия), Хосе Мартинес Алкантара (Мексика), Нодирбек Ёқуббоев (Ўзбекистон) каби шахматчиларни енгиб, финалга қадар етиб келди. 

Тарихда бирон марта ўзбек шахматчиси Жаҳон кубоги финалига қадар етиб кела олмаганди. Энди ушбу муваффақият орқали Жавоҳир Синдоров 2026 йилнинг март ойида ўтказиладиган номзодлар турнирида иштирок этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Жаҳон кубоги шахмат Жавоҳир Синдоров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг