Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” университети қурилишини кўздан кечирди
Жамият
−
30 Декабрь 2025 2906 3 дақиқа
Бугун, 30 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” университети ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси биноларининг қурилишини кўздан кечирди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини илмий асосда ривожлантириш, инновация ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу жараён, аввало, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган малакали кадрлар тайёрлаш билан узвий боғлиқ.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилган. Университетнинг Янги Тошкентда барпо этилаётган бинолари мажмуасининг дастлабки қиймати 200 миллион доллар бўлиб, 50 гектар майдонни қамраб олади.

Лойиҳа Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси буюртмаси асосида туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Қурилиш ишлари “Özgüven” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Университет биноларини 2027 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Мажмуа таркибида 10 минг талабага мўлжалланган 5 та факультет, ректорат, минг ўриндан ортиқ жойга эга кутубхона, музей, кўргазмалар зали, мультимедиа хоналари барпо этилади. Шунингдек, талабалар учун минг ўринли спорт мажмуаси ва сузиш ҳавзаси, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга мўлжалланган 2 минг ўринли ётоқхоналар ҳамда ошхоналар қурилади.
Айни пайтда қурилиш ишлари уч босқичда олиб борилмоқда. Давлат раҳбари лойиҳанинг асосий параметрлари, таълим жараёни учун яратиладиган инфратузилма ва шароитларга алоҳида эътибор қаратган. Ёшларнинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришда бундай замонавий таълим даргоҳларининг аҳамияти алоҳида қайд этилган.
“Ушбу университетда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, таълим дастурлари бошқа олий ўқув юртлари учун андоза бўлиши керак”, дейди давлат раҳбари.
Мутасаддиларга бошқа олий ўқув юртларини ҳам шу тарзда таъмирлаш, жиҳозлаш, таълимга илғор технологияларни жалб этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилган.
Шунингдек, қарийб 4 гектар майдонда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги биносини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Иншоот миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий архитектура ечимларини уйғунлаштирган ҳолда лойиҳалаштирилган. Тўрт қаватли биноларнинг умумий майдони 30 минг квадрат метрдан зиёд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 1 минг 420 нафар китобхонга хизмат кўрсатиш имконини беради. Кутубхона фондларини сақлаш, ҳисобга олиш, хавфсизлигини таъминлаш ва стерилизация қилиш учун махсус юқори технологияли хоналар ташкил этилади.

Мажмуа кўп функцияли бўлиб, халқаро ва миллий йирик кутубхоналарнинг электрон базаларига онлайн уланиш имкони яратилади. Кўзи ожиз фуқаролар учун махсус ўқиш ва тадқиқот муҳити йўлга қўйилади. Шунингдек, ташриф буюрувчилар учун 300 ўринли кафе, галерея, енгил спорт ўйинлари майдончалари ва дам олиш ҳудудлари барпо қилинади.
“Президентимиз ушбу кутубхона Янги Тошкентда барпо этилаётган таълим ва маърифат масканларининг тизимида муҳим ўрин тутиб, ёш авлоднинг интеллектуал ривожи учун мустаҳкам замин бўлишини таъкидлади. Илм-фан ва маънавиятга сармоя киритган давлатнинг иқтисодий салоҳияти ҳам барқарор ва юқори бўлиши қайд этилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, замонавий кутубхона имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш учун ходимлар ахборот технологиялари ва халқаро стандартларни чуқур ўзлаштириши зарурлигига эътибор қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудида қурилаётган энергетика объектлари, ерости автотураргоҳи ва пиёдалар ўтиш йўлагини кўздан кечирганди.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025