Шавкат Мирзиёев янги шаҳар қурилишига тамал тоши қўйди
Жамият
−
17 Июнь 2021
7260Аҳоли зич жойлашган Андижон вилоятида уй-жой масаласи долзарб. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга аввалги ташрифи чоғида Андижон туманидаги адирликларда янги шаҳар қуриш ташаббусини илгари сурган эди.
Шундан сўнг, туркиялик мутахассислар билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқилиб, шу йил 12 апрель куни тақдимот қилинган эди. Давлат раҳбари уй-жойларни пухта лойиҳалаштириш, ҳудудда кўпроқ боғ ва хиёбонлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берганди.
17 июнь куни ушбу янги шаҳар қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлди. Унда нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёев бу қурилишни ўзбек халқи бунёдкорлигини намоён этадиган тарихий воқеа деб атади.
"Андижондаги уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун икки-уч йилдан бери ўзимни қийнайман. Чунки ер кам, уйларга талаб йиллар давомида тўпланиб қолган эди. Бир хонадонда бир нечта келин қайнонаси билан яшаётган оилалар кўп. Шунинг учун узоқни ўйлаб, янги шаҳар қуришга киришдик. Бу ерда 130 мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилади, 450 мингдан зиёд аҳоли яшайди", деди Шавкат Мирзиёев.
Умумий майдони 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг 2 минг гектар қисмида уй-жойлар, ижтимоий объектлар, саноат зоналари, хизмат ва сервис объектлари қурилади. Президентнинг кўрсатмасига мувофиқ, яна қарийб шунча майдонда яшил ҳудуд барпо этилади.
Янги шаҳар лойиҳаси 8 та босқичда амалга оширилади. Унинг коммуникация тармоқларини бошлаш учун жорий йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади. Бунда 33 километр ичимлик суви тармоғи, 52 километр автомобиль йўли, 18 километр электр ва 27 километр газ тармоқлари қурилади.
Биринчи босқичда 3 минг 310 та квартирали 170 та кўп қаватли уй-жой, 1 минг 680 ўринли мактаб, 385 ўринли боғча, 200 қатновли поликлиника қурилади. Шаҳар қурилиши даврида 10 мингдан ортиқ, кейин эса саноат, савдо, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 100 мингга яқин доимий иш ўринлари яратилади.
Давлат раҳбари Андижон Заҳириддин Муҳаммад Бобур вояга етган замин экани, андижонликлар билими ва матонати билан катта ишларга қодирлигини таъкидлади.
"Бугун мана шундай улкан бунёдкорлик ишларига киришар эканмиз, аввало мард ва олижаноб халқимиз қудратига, аждодларимизнинг бой билими ва тажрибасига, меҳнаткаш, бир сўзли ва танти Андижон аҳлининг азму шижоатига суянамиз", деди Шавкат Мирзиёев.
Шундан сўнг Президент янги шаҳар қурилишига тамал тоши қўйди.
"Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Шу кунларга етганимизга шукур. Умид қиламанки, Янги Андижон халқимиз бахтли, фаровон яшайдиган обод маскан бўлади. Бу тарихий воқеа билан, хайрли маросим билан бутун Андижон ҳалқини чин юракдан табриклайман", дея таъкидлади Президент.
Маросимда меҳнат фахрийлари, қурувчилар сўзга чиқди.
Қиёслаш учун мисол: Андижон вилояти бўйича 2016 йилгача 4 минг 846 та оила учун якка тартибдаги бир-икки қаватли уйлар қурилган. Охирги 5 йилда эса 11 минг квартирали кўп қаватли ҳамда 4 минг 400 та якка тартибдаги уйлар қурилди. Жорий йилда 6 минг 346 хонадонли 271 та кўп қаватли, шунингдек, ипотека асосида 2 минг 500 та якка тартибдаги уйлар барпо этилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь