Шавкат Мирзиёев янги электропоездда Хивага борди
Жамият
−
16:25 1385 2 дақиқа
Бугун, 17 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Урганч халқаро аэропорти ва Хива темир йўл бекатини боғлайдиган янги темир йўл линияси билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, турли транспорт турларини ўзаро боғлаш, аҳоли ҳамда сайёҳлар учун қулай қатнов тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хоразм вилоятида амалга оширилган мазкур лойиҳа ҳам шу мақсадларга хизмат қилади.

Қиймати 225 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида Урганч халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалини боғловчи 11 километрлик янги темир йўл линияси қурилган. Унда бир бекат, кўприк, автомобиль йўллари билан кесишмалар ва 25 та сув ўтказиш иншооти барпо этилган.

Янги йўналиш орқали йилига қарийб 650 минг нафар маҳаллий ва хорижлик сайёҳни ташиш имконияти яратилган. Хива ва Урганч ўртасидаги қатнов вақти икки баробар қисқариб, 80 дақиқадан 40 дақиқага тушади. 30 га яқин янги иш ўрни ташкил этилди.
Билдирилишича, аэропорт ва темир йўлни бевосита боғлайдиган бундай лойиҳа мамлакатда биринчи марта амалга оширилган. Урганч халқаро аэропорти – Хива йўналишида Хитойда ишлаб чиқарилган CR200J электропоезди қатнови йўлга қўйилмоқда.

Олти вагондан иборат мазкур электропоезд бир вақтнинг ўзида қарийб 400 нафар йўловчини ташиш имкониятига эга. У соатига 160 километргача тезликда ҳаракатланади. Вагонларда VIP, бизнес ва эконом-класс ўринлари, бепул Wi-Fi, электрон қурилмаларни қувватлаш имконияти, замонавий кондиционер ва иситиш тизимлари мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам зарур шароитлар яратилган.

Давлат раҳбари янги электропоездда Хива шаҳрига борган.
Хивада Президен Урганч халқаро аэропорти ва Хива темир йўл вокзалини боғлайдиган йўналишда қатновга қўйиладиган янги троллейбусларни ҳам кўздан кечирган.
Жорий йил июль ойида Хитойдан олиб келинган 10 та троллейбус замонавий автоном ҳаракатланиш тизими билан жиҳозланган бўлиб, электр тармоғига уланмаган ҳолда ҳам 100 километргача йўл босиши мумкин.
Ҳар бир троллейбус 87 нафар йўловчига мўлжалланган. Уларда ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва болали йўловчилар учун қулайликлар, USB ва Type-C портлари, ички ва ташқи кузатув камералари ўрнатилган. Шунингдек, ҳайдовчи ҳолатини кузатиш, ҳаракат йўлагидан чиқиб кетишдан огоҳлантириш ва автоматик ёнғин ўчириш каби хавфсизлик тизимлари мавжуд.
Ушбу замонавий транспорт воситаларини олиб келиш ташаббуси Президентнинг ўтган йилги Хоразм вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган.

Давлат раҳбари транспорт турларини ўзаро уйғунлаштириш аҳоли ва сайёҳлар учун қулайлик яратиш, йўлга кетадиган вақтни қисқартириш ҳамда ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлаган. Мутасаддиларга йўловчилар учун хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.
Live
Барчаси