Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон овози кўчасига борди

Жамият

image

Бугун, 23 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги Ўзбекистон овози кўчасида ташкил этилган гастрономик туризм кўчаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, туризм кам маблағ эвазига кўп иш ўрни яратадиган, аҳоли даромадларини ошириб, ҳудудлар қиёфасини яхшилайдиган муҳим соҳадир. Тошкент шаҳрида бу борада имкониятлар катта.

Хусусан, Мирзо Улуғбек туманида мазкур салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон овози кўчасида олиб борилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари мамлакатда туризм ва сервис соҳаларини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг амалий ифодаси бўлган.

Мазкур лойиҳа давлат раҳбарининг 2022 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган. Объект 2025 йил сентябрь ойида ишга туширилган бўлиб, лойиҳаси Россиянинг “City Makers” ва “Люди Архитектс” бюролари томонидан ишлаб чиқилган.

Кўчанинг умумий узунлиги 2,1 километрни ташкил этади. Бу ерда замонавий инфратузилма яратилган. Жумладан, кенг пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилган, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратилган.

Ҳудудда селфи-зоналар, очиқ ҳаводаги спорт майдончалари, биоҳожатхоналар ташкил этилган. Шунингдек, оилавий дам олиш масканлари, болалар учун экомайдончалар ва арқонли боғ фаолият кўрсатмоқда.

Давлат раҳбари кўча бўйлаб юрар экан, замонавий услубда таъмирланган хонадонлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирган. Шу ерда истиқомат қилаётган оилалар билан самимий суҳбатлашган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллиард сўмни ташкил этади. Кўчада жами 165 та савдо объекти фаолият юритмоқда. 89 та тадбиркорлик субъекти узлуксиз ишлаш тартибига ўтган. Шунингдек, 2 минг 221 та янги иш ўрни яратилган.

Президентга шу ернинг ўзида Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туризм ва гастрономик кўчаларда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилган.

Қайд этилишича, 2025 йилда пойтахтда жами 26 та кўча тун-у кун фаолият юритишга ўтган. Бу йўналишга 540 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Натижада 1 минг 103 та янги савдо ва сервис объекти ташкил этилиб, 315 та тадбиркорлик субъекти 24/7 режимида ишлашни бошлаган, 26 та хорижий бренд фаолияти йўлга қўйилган.

Амалга оширилган ишлар иқтисодий кўрсаткичларга ҳам ижобий таъсир кўрсатган. Кўчаларда турли хизматлардан фойдаланувчилар суткасига 80 мингдан 200 мингга етган, 6 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган.

Жорий йилда яна 18 та янги туризм кўчасини ташкил этиш, 500 та янги объектни ишга тушириш ва 7 минг нафаргача янги иш ўрни яратиш режалари ҳақида маълумот берилган.

Президент Мирзо Улуғбек туманида гастрономик туризм кўчалари сонини янада кўпайтириш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, хизматлар сифатини ошириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигига ташриф буюрганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек Ўзбекистон овози кўчаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг