Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади. Унда шундай дейилади:

Қадрли юртдошлар!

Қалбларимиз файзу илоҳий шукуҳга тўлиб турган ушбу улуғ кунда юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни тинчлик, шукроналик, меҳр-оқибат ва саховат рамзи бўлган муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Фурсатдан фойдаланиб, мана шу табаррук айёмни байрам қилаётган ер юзидаги барча мусулмон умматига, хорижий дўстларимиз ва ҳамкорларимизга халқимиз номидан самимий салом ва табрикларимизни йўллаймиз.

Бу йилги Қурбон ҳайити Ватанимиз мустақиллигининг шонли 30 йиллик тарихий санаси арафасида ўтаётгани унинг бетакрор руҳи ва кўрку тароватини янада зиёда этмоқда.

Мустақил юртда буюк мақсадлар билан тинч ва осойишта яшаш, ҳалол меҳнат қилиш муқаддас динимизнинг эзгу ғояларига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Сўнгги йилларда эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан барча соҳа ва тармоқлар қатори муқаддас динимиз, миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, ривожлантириш ва тарғиб этиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Улуғ уламоларимизнинг беназир илмий меросини чуқур ўрганиш, динимизнинг инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган эзгу анъаналарини муносиб давом эттириш мақсадида мамлакатимизнинг бугунги янги тараққиёт босқичида ислом маънавияти ривожига улкан эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби ва Мир Араб олий мадрасаси каби янги муассасаларнинг ташкил этилгани, ҳадис, калом, фиқҳ ва тасаввуф мактабларига асос солингани, ўнлаб янги масжидлар ва зиёратгоҳлар қурилаётгани ҳамда таъмирланаётгани бу борадаги ишлар кўлами нечоғли кенг эканидан далолат беради.

Бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари қаторида диний соҳадаги талаб ва эҳтиёжлари ҳам тўлиқ таъминланмоқда. Бу ҳақда гапирганда, яқинда янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Муҳтарам ватандошлар!

Барчамизга аёнки, жамиятда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкам қарор топтиришнинг энг муҳим тамойилларидан бири ижтимоий ва диний бағрикенгликдир. Юртимизда турли конфессиялар вакиллари ягона оила бўлиб, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаётгани, жонажон Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани бизнинг энг катта бойлигимиздир.

Маълумки, халқимиз асрлар давомида диний ва дунёвий илмларни ўзаро уйғун ривожлантириш борасида ноёб тажриба мактабини яратган. Бу фикрнинг амалий тасдиғини ўзининг беқиёс илмий кашфиётлари, маънавий-маърифий тафаккури билан жаҳон аҳлини ҳайратда қолдирган улуғ олимлар ва уламоларимизнинг бебаҳо мероси мисолида яққол кўриш мумкин.

Бугунги кунда ана шундай нодир маънавий хазинани чуқур ўрганиш борасида янада катта имкониятлар очилмоқда.

Ишончим комилки, икки дунё саодатига эришишдек улуғ орзу-ниятлар билан яшаётган олижаноб халқимиз униб-ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялашда ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, улкан ютуқларга албатта мушарраф бўлади.

Қадрли ва муҳтарам ватандошларим!

Ҳозирги мураккаб пандемия даврида диний ибодатларни уй шароитида адо этиш бўйича кўпни кўрган уламоларимиз томонидан билдирилган таклиф, ҳеч шубҳасиз халқимизнинг ҳаёти ва саломатлигини асрашга қаратилган энг тўғри қарордир.

Ушбу улуғ айём кунларида барчамиз Қодир Аллоҳдан бутун инсоният бошидан кечираётган бундай оғир синовларни енгиб ўтишда Ўзи мададкор бўлишини сўраймиз.

Сиз, азизларни муборак Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга Аллоҳ таолодан сиҳат-саломатлик, бахту саодат, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман.

Дуогўй кексаларимизнинг эзгу тилаклари ижобат бўлсин!

Ёшларимизнинг бахтини, камолини берсин!

Юртимиз доимо тинч, халқимиз ҳамиша соғ-омон бўлсин!


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг