Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни табриклади

Жамият

image

Бугун, 15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга таваллуд куни муносабати билан табрик мактуби йўллади.

Давлат раҳбари ўз табригида Си Цзиньпинни Хитой Халқ Республикаси ва Хитой Коммунистик партиясининг йирик сиёсий арбоби сифатида эътироф этиб, унинг Хитой ва халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, Си Цзиньпиннинг стратегик фикрлаши ва оқилона раҳбарлиги туфайли Хитой модернизацияси изчил давом этаётгани, миллатнинг буюк тикланиши ва тараққиётига қаратилган сиёсати мамлакат тарихида муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.

Табрик мактубида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилганига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, икки давлат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда Хитой ва шахсан Си Цзиньпиннинг доимий қўллаб-қувватлови ҳамда амалий кўмаги муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Шунингдек, ўтган йиллар давомида иқтисодиёт, савдо, инвестиция ва бошқа устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмлари шакллангани, “Бир макон — бир йўл” ташаббуси доирасида қатор йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилгани қайд этилди.

Давлат раҳбари олий даражадаги мулоқотлар ва эришилган келишувларни изчил амалга ошириш орқали Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори сифат босқичига олиб чиқиш мумкинлигига ишонч билдирди.

Мактуб сўнггида Президент Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, Хитой халқига эса тинчлик, фаровонлик ва барқарор тараққиёт тилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампга таваллуд куни – юбилей айёми муносабати билан табрик йўллаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг