Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни табриклади
Жамият
−
01 Октябрь 2021
3853Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга миллий байрам – ХХР ташкил топган кун муносабати билан табрик йўллади. Давлат раҳбари Хитой етакчисига мустаҳам соғлик, оилавий бахт ва катта муваффақиятлар, дўст Хитой халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
“Хитойнинг глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, янги таҳдид ва хатарларга, шу жумладан иқлим ўзгариши ва COVID-19 пандемиясига қарши самарали курашишдаги фаол саъй-ҳаракатлари ва салмоқли ҳиссаси энг юксак эътирофга муносиб.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этмоқчиман.
Ўртамиздаги дўстона, ўзаро ишончга асосланган мустаҳкам шахсий муносабатларимизни чин дилдан эъзозлайман. Сизнинг кўп қиррали Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигига қаратаётган алоҳида эътиборингизни юксак қадрлайман.
Ишончим комил, Сизнинг бўлажак давлат ташрифингиз ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги саммитида иштирокингиз мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли шерикликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади”, дейилади мактубда.