Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида қатнашиш учун Бишкекка боради
Жамият
−
19:31 583 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 31 август – 1 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда иштирок этиш учун амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, саммит кун тартибидан ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга оид долзарб мавзулар ўрин олган. Халқаро ва минтақавий ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Йиғилиш якунида ШҲТнинг 25 йиллигига бағишланган Бишкек декларацияси ҳамда хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, экология, сунъий интеллект, маданий-гуманитар алмашинув ва ҳамкорликнинг бошқа кўплаб йўналишларида шерикликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.
Саммит доирасида Президент Шавкат Мирзиёев хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Билдирилишича, ташриф дастурига мувофиқ, Ўзбекистон етакчиси VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида ҳам иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалоқ Қирғизистоннинг пойтахти Бишкек шаҳрида ШҲТнинг навбатдаги олий даражадаги саммитида нималар кутилаётгани ва тайёргарлик қандай бўлаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси