Шавкат Мирзиёев Помпеони қабул қилди
Жамият
−
03 Февраль 2020
5917Бугун, 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Майкл Ричард Помпеони қабул қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда барқарор, тизимли тус олган ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
2018 йил май ойида АҚШга амалга оширилган, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берган олий даражадаги тарихий ташриф чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ўзаро алмашинувлар фаоллашгани алоҳида таъкидланди.
Конструктив, шу жумладан минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий, аграр, энергетик, таълим, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кенгаймоқда.
Кейинги бир неча йил давомида товар айирбошлаш ҳажми икки баробар кўпайди. АҚШнинг етакчи компаниялари иштирокида мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқларида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Америка инвестицияларининг умумий ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.
Жорий ўқув йилидан бошлаб мамлакатда Вебстер университетининг филиали ўз ишини бошлади.
АҚШ Давлат котиби, ўз навбатида, кўрсатилган самимий қабул учун Президентга дилдан миннатдорлик билдирди ҳамда Президент Дональд Трампнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
АҚШ томони Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашда қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.
Майкл Помпео Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатда олиб борилаётган демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларнинг натижадорлигини юксак баҳолади.
Давлат департаменти раҳбари, шунингдек, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратаётганини таъкидлади.
Учрашувда минтақавий аҳамиятга молик масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат котиби Тошкентда Марказий Осиё ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви муваффақиятли ташкил этилгани ва ўтказилгани билан табриклади.
Янги Ўзбекистон раҳбарининг сиёсати туфайли минтақада ишонч, шериклик ва яхши қўшничилик муҳитини шакллантиришда катта натижаларга эришилгани таъкидланди. Ўтган йил ноябрь ойида пойтахтда ўтган Марказий Осиё давлатлар раҳбарлари иккинчи Маслаҳат учрашувининг самарали натижалари алоҳида қайд этилди.
Иқтисодиёт соҳасида АҚШ етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтиришни ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.
Майкл Помпео бугунги кунда мамлакатда савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини бир неча ўн карра ошириш имконини берадиган бизнес ташаббуслари учун кенг имкониятлар мавжуд эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, АҚШ мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнини жадаллаштиришга ҳар томонлама кўмаклашиши таъкидланди.
Инсон салоҳиятини ривожлантириш, жумладан, фуқаролик жамияти ривожини қўллаб-қувватлаш, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий дастурларни амалга оширишда конструктив ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Афғонистонда тинчликни ўрнатиш, шунингдек, ушбу мамлакатни Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликка жалб қилиш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Майкл Помпео Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорликка эришиш, Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклашга доир аниқ инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга қаратилган фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга икки томоннинг интилиши қатъий экани таъкидланди.