Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президентига табрикнома юборди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга табрик мактуби йўллади. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Абу-Даби шаҳрида Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” халқаро мукофоти билан тақдирланган Озарбайжон Президентини Ўзбекистон раҳбари чин қалбдан, самимий муборакбод этган ва энг эзгу тилакларини изҳор қилган.

“Мазкур юксак ва нуфузли мукофотга лойиқ кўрилишингиз, аввало, Жанубий Кавказ минтақасида барқарор тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлида олиб бораётган тинимсиз саъй-ҳаракатларингиз ҳамда узоқни кўра биладиган ва доно ташқи сиёсатингизга билдирилган чуқур ҳурматнинг яққол эътирофидир”, дейилади табрикномада.

Қолаверса, 2025 йил 8 август куни Вашингтон шаҳрида Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян томонидан Қўшма баёнот имзоланиши тинчлик сари йўлда тарихий аҳамиятга эга бўлган муҳим воқеа бўлгани таъкидланган.

Шунингдек, Илҳом Алиевнинг кўп йиллар давом этган можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга қаратилган қатъий қарори, шунингдек, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тенг ҳуқуқли муносабатларни тиклаш, минтақавий хавфсизликнинг мустаҳкам механизмларини шакллантириш, иқтисодий ва транспорт алоқаларини ривожлантириш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлари юксак эътирофга лойиқ экани билдирилган.

“Ҳурматли Илҳом Ҳайдар ўғли, сиз халқ ва давлат манфаатлари йўлида тинчликка қаратилган мулоқотларни қандай олиб бориш, энг мураккаб масалаларни ҳам чуқур ўйланган ва жасоратли қарорлар орқали самарали ҳал этиш намунасини бутун дунёга яққол намойиш этдингиз”, деган Президент Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 февраль куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳрида Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” халқаро мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтганди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тақдирлаш маросими иштирокчиларига видеомурожаат йўллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти табрикнома

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг