Шавкат Мирзиёев Нобель мукофоти совриндорлари билан учрашди
Жамият
−
18 Декабрь 2019
6671Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи доирасидаги навбатдаги муҳим манзил Нагоя университети бўлди.
Нагоя университети дунёдаги энг нуфузли илм-фан ва таълим масканларидан, қитъадаги ўнта энг намунали олий таълим даргоҳларидан биридир.
Мазкур университетда дунёга машҳур кўплаб олимлар таълим олган ва меҳнат қилмоқда, бу ердан физика ва кимё фанлари бўйича олти нафар Нобель мукофоти совриндорлари етишиб чиққан.
Бугунги кунда университетда 16 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Шундан 2,6 минг нафари хорижий мамлакатлар, 30 нафардан ортиғи нафари Ўзбекистон ёшларидир. Ҳозирга қадар мазкур университетда 400 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчи таҳсил олган.
2010 йилда Тошкентда Нагоя университетининг ваколатхонаси очилган эди. Бугунги кунда мазкур ваколатхона икки мамлакат олий ўқув юртлари учун таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида кўприк вазифасини ўтамоқда. Бевосита университет иштирокида икки мамлакатда мунтазам ўтказилаётган Ўзбекистон – Япония талабалар академик форуми ва олий ўқув юртлари ректорларининг анъанавий конференциялари илмий ҳаётимизда катта роль ўйнамоқда.
Давлат раҳбари университет фаолияти билан танишди, унинг президенти Сейичи Мацуо билан учрашди. Учрашувда қатор Нобель мукофоти совриндорлари ва бошқа олимлар иштирок этди.
“Сизнинг юртимизга илмий ҳамкорлигимизни ривожлантириш борасида қилаётган катта хизматларингизни алоҳида қадрлаймиз. Айниқса, ўтган йили Нобель мукофоти совриндори, профессор Рёжи Ноёри жаноблари билан биргаликда Ўзбекистонга ташрифингиз мамлакатимиз илмий ҳаётида муҳим воқеа бўлди”, деди Шавкат Мирзиёев.
Сейичи Мацуонинг Ўзбекистон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини эътиборга олиб, яқинда Тошкент давлат техника университети илмий кенгаши уни университетнинг фахрий ректори этиб сайлади. Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси профессор Ноёрига фахрий академик унвони берилди.
Учрашувда Шавкат Мирзиёев Сейичи Мацуо ва Рёжи Ноёрини ушбу унвонлар билан табриклади.
Учрашувда академик алмашинувларни фаоллаштириш ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма илмий тадқиқотларни амалга оширишга келишиб олинди.