Шавкат Мирзиёев Марко Рубиони қабул қилди

Local

−

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 19 октябрь куни “С5+1” форматидаги вазирлар учрашуви ҳамда Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатга келган АҚШ Давлат котиби Марко Рубиони қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, учрашув аввалида Марко Рубио давлат раҳбарига АҚШ Президенти Дональд Трампнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Асосий эътибор Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, олий даражада эришилган келишувларни изчил амалга ошириш масалаларига қаратилган.

АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлаган “С5+1” форматидаги навбатдаги вазирлар учрашувининг якунлари юқори баҳоланган.

Сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, инновация ва технологиялар, таълим ва маданият каби устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган.

Икки мамлакат парламентлари ва идоралари ўртасида тўғридан тўғри ва конструктив мулоқот йўлга қўйилган, ишбилармон доиралар ҳамда академик ҳамжамиятнинг алоқалари кенгаймоқда.

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, аввало, терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш каби йўналишларда мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти йўлга қўйилгани икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлган. Унинг биринчи йиғилиши якунлари бўйича бир қатор ҳужжатлар, жумладан, коинотни тинч мақсадларда ўзлаштириш соҳасидаги “Артемида” битимлари имзоланган.

Иқтисодий ҳамкорлик стратегик шерикликнинг асосий таянч нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошган. Иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, кончилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва молия соҳаларида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришда Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ўрни катта экани таъкидланган. Кенгашнинг бугунги йиғилиши доирасида 12 миллиард долларлик янги келишувларга эришилган.

Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам изчил кенгайиб бормоқда. Тошкентда Вебстер университети, Америка технологиялар университети ва Колорадо кончилик мактабининг компетенциялар маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюраётган америкалик сайёҳлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Томонлар амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги истиқболларини ҳам белгилаб олган. Стратегик аҳамиятга эга муҳим минераллар, энергетика, транспорт, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд.
Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ва ишбилармон доиралар делегацияларининг ўзаро ташрифларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилган.

Халқаро сиёсат ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилган.

Икки мамлакат етакчилари иштирокида бўлиб ўтадиган бўлажак тадбирлар режаси ва уларни мазмунан бойитиш масалалари кўриб чиқилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends