Шавкат Мирзиёев қатор давлат раҳбарлари билан суҳбатлашди
Жамият
−
21 Август 2023
7296Кеча, 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳрида ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати доирасида бир нечта давлат раҳбарлари билан суҳбатлашди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, Шавкат Мирзиёев мазкур тадбир доирасида Қатар Давлати Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва Татаристон Раиси Рустам Минниханов билан гаплашган. Суҳбатларда икки томонлама амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган.
Шунингдек, етакчилар жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасида 100 метр масофага югуриш бўйича финал баҳсини томоша қилган.
Маълумот учун, енгил атлетика бўйича XIX жаҳон чемпионати Будапешт шаҳрининг Енгил атлетика миллий марказида 2023 йил 19 август куни бошланган бўлиб, 27 августгача давом этади. Медаллар спортнинг 49 тури бўйича, шу жумладан эркаклар ва аёллар ўртасида 24 тадан йўналишда ҳамда аралаш эстафетада ўйналмоқда. Мусобақаларда 190 дан зиёд мамлакатдан 2 минг нафардан ортиқ спортчи қатнашмоқда. Чемпионатда Ўзбекистондан 5 нафар атлет спортнинг баландликка сакраш, уч хатлаб сакраш, узунликка сакраш, еттикураш ва марафон каби турларида куч синашмоқда. Ғолиблар ҳамда олимпия нормативларини бажарган спортчилар 2024 йилда Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрияга амалий ташрифи тадбирлари якунлангач, Тошкентга жўнаб кетган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 19 август куни Венгрияга жўнаб кетган эди. У ташриф доирасида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашувлар ўтказди ҳамда OTP банки бошқаруви раиси Шандор Чаньини қабул қилганди.
LiveБарчаси