Шавкат Мирзиёев Гулистондаги портлашда жабрланганлар ҳолидан хабар олди (видео)
Жамият
−
04 Декабрь 3253 3 дақиқа
2 декабрь куни соат 10:49 да Гулистон шаҳрининг “Тараққиёт” МФЙ ҳудудида жойлашган овқатланиш шохобчасида газбаллон портлашидан ёнғин келиб чиққанди. Мазкур ҳодиса оқибатида 3 нафар фуқаро вафот этди, кўплаб одамлар жабрланди. Бугун, 4 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев жабрланганлар ҳолидан хабар олди.
“Икки кун олдин Гулистон шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида газбаллон портлаб, 29 нафар одам жароҳат олган эди. Бугун Президентимиз Сирдарёга ташрифи доирасида шифохонага келиб, улардан хабар олди, яқинлари билан суҳбатлашди”, деб ёзди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Асадов эълон қилган видеодан Президентга Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ҳамроҳлик қилганини кўриш мумкин.

Марказ раҳбарияти ва шифокорлар Президентга беморларнинг аҳволи ва даволаш жараёнларининг бориши ҳақида ахборот берди. Давлат раҳбари бахтсиз воқеада турли даражада тан жароҳати олган фуқаролар даволанаётган палаталарга кириб, улардан хабар олди, оила аъзолари билан суҳбатлашди.
Президент мутасаддиларга жабрланганларга зарур барча тиббий ёрдам кўрсатилишини қатъий назоратга олиш бўйича топшириқ берди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, уларга моддий ёрдам кўрсатиш зарурлигини қайд этди.

Масъуллар олдига содир бўлган воқеанинг сабабларини пухта ўрганиш, қонун устуворлигини таъминлаш, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги устидан назорат ишларини кучайтириш вазифаси қўйилди.
ССВ маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Шундан 26 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боисЮ амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов бошчилигидаги комбустиолог, реаниматолог, нейрохирург, қўшма жарроҳлар хирурги, травматолог ва микрохирурглардан иборат мутахассислар шу куннинг ўзида воқеа жойига етиб бориб, беморларга тиббий хизмат кўрсатган.

Ўта оғир аҳволда қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган. Ҳозирги пайтда шифохонага ётқизилган 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, у сунъий нафас олиш аппаратида. Реанимациядаги мавжуд беморларнинг 5 нафари стабиль оғир, нафаси мустақил, ҳушида. Айни пайтда қабул қилинган беморлардан икки нафари ҳомиладорлиги сабабли Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиалига кўчирилган. Уларнинг аҳволи қониқарли. Қолган 15 нафар беморнинг ҳам аҳволи қониқарли бўлиб, улар тегишли бўлимларда муолажа олмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 4 декабрь куни Сирдарё вилоятига борганди. Президент вилоят фаоллари ва нуронийлар билан мулоқот қилди. Давлат раҳбари вилоятга ташрифи давомида саноат корхоналари фаолияти ва маҳаллалардаги бунёдкорлик ишлари билан танишади ҳамда Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилаб беради.
Live
Барчаси