Шавкат Мирзиёев Фумио Кисидани Ўзбекистонга таклиф қилди

Жамият

image

Бугун, 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Япония Ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. 2019 йил декабрь ойида Шавкат Мирзиёевнинг Токиога амалга оширган олий даражали ташрифи мамлакатлар ўртасидаги анъанавий дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб, ҳамкорликни аниқ мазмун билан бойитгани катта мамнуният билан қайд этилган.

“Кейинги йилларда қўшма корхона ва лойиҳалар сони, шу жумладан Ўзбекистонда энергетика ва туризм инфратузилмасини, юқори технологик саноатни ривожлантиришга Япония етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилиш орқали бир неча баробар кўпайди. Япониянинг ривожланиш ва ҳамкорлик институтларининг молиявий маблағлари иштирокидаги қўшма дастурлар портфели 7 миллиард доллардан ошди”, дейилади хабарда.

Давлат раҳбари олий даражадаги самарали мулоқотларни давом эттириш муҳим эканлигига алоҳида тўхталиб, Япония Бош вазири Фумио Кисидага Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш таклифини яна бир бор тасдиқлаган.

“Марказий Осиё + Япония” форматидаги конструктив минтақавий ҳамкорликни, энг аввало, иқтисодий ўзаро боғлиқлик, муқобил энергетика ва экология соҳаларида мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилган.

Ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси Япония ҳукумати Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Шунингдек, мамлакатнинг Афғонистонда бардавом тинчликни таъминлаш ва ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланган.

Маълумот учун, ушбу ташриф Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил ҳамда стратегик шериклик ўрнатилганига 20 йил тўладиган йилда ўтмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг