Шавкат Мирзиёев Эрдўғанни Ўзбекистонга таклиф қилди

Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айни вақтда расмий ташриф билан Туркия Республикасида бўлиб турибди. Кеча, 19 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған иштирокида яккама-якка музокаралар бўлиб ўтди. Ундан сўнг, икки давлат раҳбарлари раислигида Олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Йиғилишдан кейин давлат раҳбарлари қўшма баёнотни имзоладилар. 

Музокаралардан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди. Брифингда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, Туркия билан ҳамкорлик истиқболларига тўхталди. Давлат раҳбари ўз нутқида шундай дейди: 

“Авваламбор, Ўзбекистон делегациясига қардош Туркия заминида кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром, самимий меҳмондўстлик учун Туркия Президенти, қадрдон дўстим Ражаб Тойиб Эрдўған Жаноби Олийларига ҳамда биродар турк халқига чин қалбимдан ташаккур изҳор этаман. 

Ҳақиқатан ҳам, биродарим айтганидек, буюк юртдан Имом Бухорий, Имом Мотуриудий, Али Қушчи, Алишер Навоий юртидан алангали салом билан бутун халқимиз номидан жуда катта ташаккур айтмоқчиманки, мана шу икки йилда қардошим билан қилган ишларимиз тарих саҳифаларига жуда катта ҳарфлар билан ёзилади. Биз жуда катта натижаларга эришдик десак, бу ҳам адолатдан бўлади. Аминманки, бугун бўлиб ўтган Олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши дўстона алоқаларимиз тарихида янги саҳифа очади. 

Туркия Республикаси Президенти Девони “Халқ кутубхонаси”нинг расмий очилиш маросимига таклиф этилганимизни ҳам Ўзбекистон халқига кўрсатилган юксак ҳурматнинг ёрқин намунаси деб биламиз. 

Ҳозир қардошим билан бўлиб ўтган жуда батафсил, очиқ ва самимий, ишонч руҳидаги музокараларимизда сиёсий, сайдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда кўплаб масалаларни атрофлича муҳокама қилдик. 

Ўртамизда жуда сермазмун суҳбат бўлди. Ўзбек-турк муносабатларинининг ҳолатига баҳо бердик. Ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларини ривожлантиришга қаратилган вазифаларни белгилаб олдик. 

Музокаралар аксарият долзарб минтақий ва халқаро муаммолар, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида ёндашувларимиз муштарак эканини кўрсатди. 

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигимизнинг жадаллаштириш устувор вазифа эканини яна бир бор таъкидладик. Охирги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробарга ошгани, мингга яқин қўшма ширкатлар ташкил этилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш учун барча имконият ва салоҳият мавжудлигини эътироф этдик. Ҳамма соҳалар бўйича батафсил келишиб олдикки, мен ўйлайманки, Худо хоҳласа 5 миллиард ҳам бизга чегара бўлмайди. Нимага десангиз, ниятларимиз жуда катта. 

Айни вақтда бугун бўлиб ўтган стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишининг натижалари ҳали ишга солинмаган резерв ва имкониятлар ҳам борлигини кўрсатди. Шу мақсадга эришиш учун саноат, қишлоқ хўжалиги, ахборот-коммуникация, туризм тармоқларида, илм-фан, таълим соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида катта дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, буларнинг барчаси ҳақида батафсил гаплашиб олдик. 

Турк инвестициялари иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи мулоқотларимизнинг марказида бўлди. Бу борада Туркиянинг етакчи компаниялари билан қўшимча 1 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бу жараёнларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олдик. 

Замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида ҳамкорлигимизни янада кучайтириш лозимлигини таъкидладик. Шунингдек, биз Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш ҳақида ҳар томонлама фикрлашиб олдик. Бу давлатда муҳим инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш мамлакатларимизнинг умумий манфаатларига мос келади. 

Маърифий ва бағрикенг исломни тарғиб этиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини жаҳон жамоатчилигига етказиш борасида қарашларимиз муштаракдир. Шу билан бирга, маданият, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида қатор қўшма ҳамкорлик лойиҳалари ва тадбирларини амалга ошириш муҳимлигини қайд этдик. 

Илм, маърифат ва маданият соҳасидаги шериклигимизни кучайтиришга эртага очиладиган Туркия Президенти девонининг “Халқ кутубхонаси” ва Ўзбекистондаги кутубхона-ахборот марказлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш долзарб аҳамиятга эга. 

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар! Биз Туркия Республикасини халқаро майдонда обрў-эътибори ва нуфузи тобора ошиб бораётган мамлакат, ўзимиз учун ишончли ва муҳим шерик сифатида алоҳида эътироф этамиз. Қардош халқларимиз тараққиёти, тинч ва фаровон ҳаёт қуриш йўлида анъанавий дўстлик, истиқболли ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтариш учун барча имкониятларимизни сафарбар этишга тайёрмиз. Айнан шу тамойиллар мулоқотимиз якунида имзоланган қўшма баёнот ва йўл харитасида ўз ифодасини топди. Мухтасар қилиб айтганда, азиз дўстим, жаноб Президент билан бўлган суҳбатларимиз тарихий аҳамиятга эга бўлди, десак бу ҳам ҳақиқат. 

Фурсатдан фойдаланиб, қадрли дўстим Эрдўған Жаноби Олийларига бизни Туркияга таклиф этганлари учун яна бир бор самимий ташаккур изҳор этаман. Ўз навбатида Муҳтарам Президент Жаноби Олийларини стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга таклиф этаман. 

Сўзимнинг охирида қардош турк халқига самимий эҳтиромимни билдириб, гўзал юртингизга бардавом равнақ ва фаровонлик тилаб қоламан”. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга Республикасига ташрифи давом этмоқда. Давлат раҳбарлари бугун Туркия Республикаси Президенти девонининг “Халқ кутубхонаси” очилиш маросимида иштирок этадилар.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг