Шавкат Мирзиёев энергетика тармоғидаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратди
Жамият
−
03 Декабрь 2020
5565Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.
Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев энергетика тармоғидаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратди.
Бу соҳада 3 та олийгоҳ, 2 та илмий ташкилот, ўнлаб олимлар бўлса-да, муаммоларни ҳал қилишда ўрни сезилмаяпти. Йирик корхоналарда ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолини таҳлил қиладиган илмий тадқиқотлар йўқ.
Мисол учун, бир йилда 100 миллион киловатт соат электр ишлатадиган Тошкент труба заводи ўрганилганда, жараёнларни оптималлаштириш ҳисобига 20 миллион киловатт соат энергияни иқтисод қилиш мумкинлиги аниқланган. Бунинг ҳисобидан қанчадан-қанча хонадонларга ёруғлик етказиш мумкин.
Шу мақсадда “Иссиқлик электр станциялари”, “Навоийазот”, “Фарғонаазот”, “Қизилқумцемент”, “Бекободцемент”, “Қувасойцемент” каби йирик корхоналарда илмий ташкилотлар билан бирга электр энергияси сарфини оптималлаштириш бўйича вазифа қўйилди.
Шунингдек, ҳар йили газ транспорт тизими ва йирик саноат корхоналаридан чиқаётган иккиламчи газлар 730 мегаватт электр энергия салоҳиятига эга бўлиб, бу имкониятдан умуман фойдаланмай келинмоқда. Шундай экан, илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда Муборак, Шўртан ва Газли конларида йўлдош газлардан электр энергияси олиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.