Шавкат Мирзиёев даволанишда бўлган Лола Муротовага қўнғироқ қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 март куни мамлакат хотин-қизларининг энг фаол ва ташаббускор вакилларидан бири – Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалигининг раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси Лола Муротова билан телефон орқали мулоқотда бўлиб, яқинлашиб келаётган қутлуғ байрам билан қизғин табриклади.

Давлат раҳбари самимий суҳбат чоғида Лола Муротованинг мамлакат қишлоқ хўжалиги ва фермерлик ҳаракати ривожига, жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қўшаётган беқиёс ҳиссасини, кўп йиллик заҳматли ва ҳалол меҳнатларини, она-Ватан гуллаб-яшнаши йўлидаги муносиб хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Лола Муротова ўзининг қирқ йилдан ортиқ давр мобайнида бой тажрибаси, бутун билими ва куч-ғайратини Ўзбекистон ободлиги ҳамда эл фаровонлигига сафарбар этгани, шунингдек жонкуяр, камтар ва оқила ўзбек аёли сифатида ёш авлод ва бутун мамлакат хотин-қизлари учун чинакам ўрнак ва намуна бўлаётгани ҳурмат билан қайд этилди.

Президент ҳозирги вақтда даволанишда бўлган машҳур фермерга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва бардамлик, ҳамиша яқинлари эъзозу ардоғида бўлиб юришликни тилади.

Лола Муротова, ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёевга иш жадвали тиғиз бўлишига қарамай кўрсатган чексиз ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашлари учун чин қалбдан ташаккур изҳор этди.

Бундай самимий илтифот ва рағбатни мамлакатимизнинг барча аёлларига доимий равишда кўрсатиб келинаётган юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодаси сифатида мамнунлик ила қабул қилишини айтиб ўтди. 

Давлат раҳбарининг топшириғига биноан, шу куни Олий Мажлис Сенатининг раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротовани қутлуғ айём муносабати билан қутлаш ва ҳолидан хабар олиш учун Фарғона вилоятига шахсан ташриф буюрди ҳамда Президентнинг байрам совғаларини топширди.


Мақола муаллифи

Теглар

Лола Муротова

Баҳолаганлар

440

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг