Шавкат Мирзиёев, бизни расман миллионер қилдингиз – тадбиркор

Жамият

image

Жорий йилнинг 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда “Grand Pharm Trade” компанияси асосчиси Азизхўжа Аббосхўжаев Президентга барча тадбиркорларни миллиардерга айлантиргани ҳақида айтди. 

Аббосхўжаев илгари фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар текширувлар ва назорат органларининг кутилмаган ташрифларидан қўрқиб ишлаганини айтган.

“Авваллари офисимиз кичик жойда жойлашган эди ва хорижий ҳамкорлар маҳсулотларини етказиб беришга қўрқарди. Хорижий валютани конвертация қилиш бир неча ой, йилларга чўзиларди, маблағни четга чиқариш учун биржага чиқишга ва ҳар хил схемалардан фойдаланишга мажбур бўлардик. Ҳозир эса ҳеч қандай муаммо йўқ. Барчамиз маза қилиб ишлаяпмиз. Компаниялар айланмаси миллиардга етди, барчани расман миллионер қилдингиз”, деган Аббосхўжаев. 

Шунингдек, тадбиркор Президентдан заводга йўл йўқлиги ва электр таъминоти муаммоларини ҳал қилиб беришда ёрдам сўраган. 

Шавкат Мирзиёев ҳар икки масалани протоколга киритишга топшириқ берган ва инфратузилма бўлмаса, корхона ишлай олмаслигини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев “Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва илмий тадқиқот жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармон чиқарганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев миллионер Азизхўжа Аббосхўжаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг