“Шарқ” нашриёти бинолари маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилди

Жамият

image

“Шарқ” нашриёт-матбаа ижодий уйи бино ва иншоотлари маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, 2023 йил 14 октябрь куни ишчи гуруҳ томонидан мазкур объектларда тарихий-маданий экспертиза ўтказилган. Гуруҳ таркибига Маданий мерос агентлиги вакиллари, агентлик ҳузуридаги Илмий эксперт кенгаши аъзолари, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда “Шарқ нашриёти матбаа корхонаси” АЖ ходимлари киритилган.

Экспертиза натижаларига кўра, ишчи гуруҳ бино ва иншоотларнинг аксарияти авария ҳолатида, аянчли аҳволда, тўлиқ реконструкция қилишни талаб этаётгани тўғрисида хулосалар чиқарган. Шунингдек, мажмуада тарихий-маданий аҳамиятга эга бинолар ҳам борлиги аниқланган.
 
Шу билан бирга, Давлат активларини бошқариш агентлигига мулк мажмуасини сотишда “ЎзА биноси” маъмурий биносининг (литер 0002) тарихий меъморий қиёфасини сақлаб қолиш зарурлиги ва келгусида Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишларини амалга ошириш топширилган.

Бундан ташқари, Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳрининг модернистик услубдаги объектларини (жумладан, ЎзА биноси) UNESCO'нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун ариза тайёрлаганини маълум қилди.

Маълумот учун, “Шарқ” нашриёт-матбаа ижодий уйи биноси жойлашган мажмуа 1914 йилдан 1983 йилгача қурилган 14 та бино ва иншоотдан иборат.


Мақола муаллифи

Теглар

маданий мерос объектлари Шарқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг