Шарқий Европанинг яна бир давлатида коронавирус аниқланди
Олам
−
03 Март 2020
6454Украинада коронавируснинг биринчи ҳолати аниқланди. У мамлакатнинг Черновиц вилоятида қайд этилган. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Виктор Ляшко маълум қилган.
"Кеча тўртта шахс коронавирусга чалинганликда шубҳага олинганлигини маълум қилган эдим. Бугун бир кишида ушбу инфекция борлиги ўз тасдиғини топди”, деди Ляшко бугун, 3 март куни.
Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, ушбу касаллик Италиядан келган оила аъзосида аниқланган.
Ляшко, шунингдек, эпидемиологлар бемор билан алоқада бўлган одамларни назорат қилаётганини тасдиқлади.
Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 91 303 нафарга етди. Ушбу касалликдан 3124 киши вафот этди. 48 005 бемор шифо топган.
Коронавирус энг кўп тарқалган давлатлар: Хитой (80151 бемор – 2944 нафар вафот этган), Жанубий Корея (5186 – 34), Италия (2036 – 52), Эрон (1501 – 66), Япония (274 – 6).
LiveБарчаси