Шахсий ташаббусми ёки вазият тақозоси: доллар нега тушяпти?
Таҳлил
−
10 Июнь 20600 4 дақиқа
Давомли равишда кўтарилиб бораётган доллар курси ва қадрсизланаётган сўм ҳаётида кутилмаганда ўзгариш содир бўлиб, сўмнинг долларга нисбатан қиймати кескин кўтарилди. Марказий банк (МБ) хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 11 июнь куни амалда бўладиган қийматини белгилади.
Унга кўра, долларнинг расмий курси 37,68 сўмга тушди ва 12 674,37 сўмни ташкил қилди. QALAMPIR.UZ билан суҳбатлашган иқтисодчи бунга МБ раисининг Президент олдида ўзини оқлашга ҳаракат қилаётгани сабаб эканини айтган бўлса, МБ сўмнинг мустаҳкамланишига омиллар кўплигини айтмоқда.
Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланиши сабаблари нимада ва бу қанча давом этади?

Долларнинг ошиб, сўмнинг эса қадрсизланиб кетаётгани ҳақида кўп гапирилади. Хўш, бу рақамларда қандай акс этади? Келинг, МБ маълумотлари асосида сўнгги беш йилликдаги рақамларни кўриб чиқамиз.
- 2020 йил – 10 476 сўм;
- 2021 йил – 10 848 сўм;
- 2022 йил – 11 206 сўм;
- 2023 йил – 12 354 сўм;
- 2024 йил – 12 920 сўм.
АҚШ валютасининг сўмга нисбатан йирик қадамларда сакраши 2016 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан сўнг яққол кўзга ташланади. Ўшанда йил 3 200 сўм билан якунланган бўлса, 2017 йилга келиб бу рақам 8 минг сўмдан ошган. Бунинг валюта сиёсатининг либераллаштирилиши билан боғлиқлиги айтилади.
Мамлакатда миллий валюта долларга нисбатан турли кўринишларда қадрсизланиб бормоқда: баъзан озроқ ўсиш, баъзан эса аксинча. 2025 йилнинг ўтган даврида кузатилган жуда кичик рақамлардаги бир неча тушишларни ҳисобга олмаганда, Америка валютаси қадри ошишда давом этмоқда. Масалан, март ва апрель ойларида курс 12 980 сўмгача чиқиб, 1 доллар 13 минг сўмга яқинлашди.
Сўнгги кунларда эса долларнинг сўмга нисбатан қадри 65 сўмдан кўпроққа тушиб, 1 доллар 12 712 сўмга тенглашди.
- 3 июнь – 12 834 сўм;
- 4 июнь – 12 857 сўм;
- 5 июнь – 12 831 сўм;
- 9 июнь – 12 777 сўм;
- 10 июнь – 12 712 сўм.
МБ эртага, 11 июнь учун эълон қилинган маълумотларида бу сумма 12 674 сўмгача пасайишини айтмоқда.
Доллар нега тушяпти?
Бир қанча тижорат банкларида доллар курсининг 200 сўмгача арзонлашгани ҳақида хабарлар тарқалар экан, “нега доллар тушяпти?” деган турли саволлар пайдо бўлди. Иқтисодчи Тўлқин Бобоқуловнинг QALAMPIR.UZ’га айтишича, бунинг сабаби МБ раисининг Президент олдида ўзини оқлашга ҳаракат қилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
“Доллар курси тушиши вақтинчалик ҳолат. Бу МБ раисининг Президент олдида ўзини маълум даражада оқлашга ҳаракат қилиши билан боғлиқ. Доллар курси валюта интервенцияси ҳисобига туширилмоқда, яъни МБ расмий захиралардан долларни сотмоқда”, дейди у.

Таъкидлаш жоизки, айни вақтдаги МБ бошқарув раиси Тимур Ишметов 2024 йилнинг декабрь ойида лавозимидан озод этилган Мамаризо Нурмуратовнинг ўрнига келганди. Ишметов унгача Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Катта эҳтимол билан иқтисодчи Бобоқулов Ишметов ўзининг лавозимга муносиблигини исботламоқчи бўляпти, деган иддаони олға сурмоқда.
QALAMPIR.UZ’нинг бу ҳақдаги сўровига МБ валюта интервенцияси қилинмаганини билдирди. Айтилишича, бу жуда катта таваккал бўлар эди.
Аслини олганда, доллар курсининг пасайишига бир эмас, бир неча омиллар сабаб бўлиши мумкин. Масалан, иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, мамлакат савдо ҳамкорлари валюталарининг нисбатан мустаҳкамланиши, долларнинг глобал қадрсизланиши каби омиллар сўмнинг долларга нисбатан қадри ошишига сабаб бўлаётган бўлиши мумкин.
Шунингдек, иқтисодчи дастлабки 4 ойлик юқори даражадаги олтин экспорти (5,6 млрд доллар) натижасида йиғилиб қолган захиралар ҳам сўмнинг мустаҳкамланишида роль ўйнаётган бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
МБ маълумотларига кўра, долларнинг қанчалик тушиши ва қанча вақт шундай қолишини олдиндан айтиб бўлмайди.
Қўшниларда нима гап?
10 июнь ҳолатига кўра, Қозоғистон валютаси 0,15 тенгега мустаҳкамланиб, 1 доллар 508,39 тенгени ташкил этмоқда.
Қирғизистонда эса миллий валюта қадри барқарор ҳолатда бўлиб, 1 доллар 87,45 сомни ташкил этмоқда. Маълумотлар қўшни давлатда апрель ойидан буён долларнинг расмий курси ўзгармаганини кўрсатади.
Тожикистонда 1 доллар ойлик 4 фоиздан юқори пасайиш билан 9,91 сомонга тенг бўлмоқда.
Туркманистонда ҳам миллий валюта долларга нисбатан барқарорликни ушлаб турибди ва 1 доллар 3,36 манатни ташкил этмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, Россияда импорт қисқаргани ҳисобига рубль мустаҳкамланмоқда, бу эса минтақадаги бошқа валюталарнинг ҳам долларга нисбатан мустаҳкамланишига замин яратмоқда, аммо улар рублга нисбатан қадрсизланмоқда.
Миркомил Холбоевга кўра, ўзбек сўми тенгега нисбатан 0,7 фоизга, сомга нисбатан 0,6 фоизга мустаҳкамланган бўлса, сомонига нисбатан 1,3 фоизга қадрсизланган.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь