Шахмат. Ўзбекистон термаси Осиё ўйинлари бронза медалига эга чиқди
Спорт
−
07 Октябрь 2023
5271Бугун, 7 октябрь куни Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларининг шахмат дастури бўйича ҳал қилувчи баҳслар ўтказилди. Унда шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси мамлакат делегацияси ҳисобига навбатдаги бронза медалини қўшиб қўйган.
Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдoров, Нодирбек Ёқуббоев Жаҳонгир ва Шамсиддин Воҳидовлардан иборат Ўзбекистон термаси ҳал қилувчи 9-турда Таиланд вакилларига қарши баҳс олиб борди ва 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ғалабадан сўнг жамоа ўз ҳисобидаги очколар сонини 14 тага етказиб олди ва бронза медалини нақд қилди.
Эрон эркаклар терма жамоаси 16 очко билан шахмат бўйича Осиё ўйинларида чемпионликни қўлга киритган бўлса, Ҳиндистон термаси 15 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликка эса ўзбекистонлик шахматчилар якун ясади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ карате WKF йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Севинч Раҳимова Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё ўйинлари чемпионига айланган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь