Шахмат олимпиадаси чемпионларига пул мукофоти нақд берилди
Жамият
−
12 Август 2022
14944Бугун, 12 август куни Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби — Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига 600 млн сўмлик пул мукофотлари топширилди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вазирлик биносида бўлиб ўтган тадбирда олимпиадада бирор маротаба ҳам мағлубиятга учрамасдан чемпион бўлган жамоа аъзолари — Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров ва Шамсиддин Воҳидовга мукофот 200 минг сўмлик купюраларда, нақд пул шаклида берилган.
Аввалроқ, чемпионлар Equinox автомобили ҳамда “Ўзбекистон ифтихори” медали билан тақдирлангани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот учун, 2024 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб ўтади. Ўзбекистон эса ушбу мусобақага 2026 йилда мезбонлик қилиш имкониятини қўлга киритган.
LiveБарчаси