Шаҳарларда уй-жой қурилиши бўйича янги тартиб белгиланди
Жамият
−
22 Ноябрь 2019
6560Аввалроқ, кейинги йилдан бошлаб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида янги тизим жорий этилиши, энди уйлар давлат томонидан эмас, тўлиқ хусусий сектор томонидан қурилиши ҳақида хабар берган эдик. Президент раислигида ўтган йиғилишда, эндиликда шаҳарларда уй-жой қурилиши қуйидаги тартибда амалга оширилиши белгиланган:
Биринчидан, тадбиркорлик субъектлари ўз маблағи ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан пойтахт ва шаҳарларда янги тартиб асосида 13 минг 750 та квартирали турар жойлар қурилишини амалга оширади. Бундай иморат ва мажмуалар лойиҳаси ҳам тадбиркорлар томонидан мустақил тайёрланади.
Иккинчидан, уй-жой қуриш учун ер майдонлари аукцион орқали ажратилади. Уларни сув ва канализация тармоқларига улаш, автомобиль йўллари қуриш тадбиркорлик субъектлари ҳамда республика ва маҳаллий бюджет маблағларидан молиялаштирилади.
Учинчидан, банклар ўртасида соғлом рақобат бўлиши учун Молия вазирлиги эндиликда уйларни харид қилишга ипотека кредити бўйича қарийб 3 триллион сўмга яқин давлат ресурсларини аукцион асосида банкларга ажратади.
Бундан ташқари, ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ташкил этилиб, унга Осиё тараққиёт банки маблағлари жалб қилинади, ушбу маблағлар ҳам янги қурилган уй-жойларни сотиб олишга ипотека кредити ажратиш учун банкларга қўшимча ресурс сифатида жойлаштирилади.
Тўртинчидан, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги, энг муҳими, аниқ манзилли тизим жорий этилади. Бунинг учун шаҳарларда 10 минг 800 та эҳтиёжманд оилага уйнинг бошланғич бадали ва кредит фоиз харажатларини тўлаши учун бюджетдан субсидия ажратилади. Ушбу субсидиялар орқали Тошкент шаҳрида 12 фоиз, бошқа ҳудудларда 10 фоиздан юқори кредит фоизлари ҳамда бошланғич бадали қоплаб берилади.
Йиғилишда мутасадди вазирлик ва ташкилотлар раҳбарларига янги тартибда қуриладиган уй-жойлар учун ер майдонларини танлаб, аукционга чиқариш, кредитнинг юқори чегарасини ҳисоблаш учун уйларнинг бозор қиймати асосидаги ўртача нархини белгилаш бўйича топшириқлар берилди.